Ўзбекистон | 19:50 / 15.01.2019
14413
2 дақиқада ўқилади

Бухоро тиббиёт институти Ҳиндистон ва Покистондан 300 талабани қабул қилади

2019-2020 ўқув йилида Ҳиндистон ва Покистоннинг 300 талабаси Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни бошлаши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, Миллий палата кўмаги билан Бухоро тиббиёт институти ва Покистоннинг "Асл Фарма" компанияси ўртасида шунга доир келишувга эришилган. 

Ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар жорий йилнинг январь ойи бошида Покистон компанияси директори Аламгир Хон ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ўртасида бошланган. 

Аламгир Хон тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик салоҳияти ҳақида сўзлар экан, компаниясининг салоҳиятли имкониятлари Ўзбекистоннинг тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқиш учун Ҳиндистон ва Покистондан минг нафаргача талабани йўллаш имконини беришини таъкидлаган. 

Музокаралар якунига кўра, 2019-2020 ўқув йилида Бухоро тиббиёт институтига 300 талабани ўз ичига олган биринчи партия йўлланишига доир аниқ келишувга эришилди. 

"Бухоро Абу Али Ибн Синонинг ватани сифатида танилган. Жаҳонга машҳур олим кўп жиҳатдан тиббиётнинг "отаси" ҳисобланади. Шу боис покистонлик ҳамкорнинг мамлакатимиз билан ҳамкорликни Бухоро тиббиёт институтидан бошлаши бежиз эмас. Бундай яқин ҳамкорлик ҳар томонлама, шу жумладан Ўзбекистон имиджининг нафақат туризм, балки профессионал кадрларни тайёрлаш, замонавий таълим, тиббий таълим берувчи мамлакат сифатида ривожланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга", - дейди Изамов. 

Эришилган келишувлар 12 январь куни Бухоро тиббиёт институти ректори профессор Амрилло Иноятов ҳамда "Асл Фарма" МЧЖ раҳбари Аламгир Хон ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасида ўз аксини топди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид