Ўзбекистон | 22:31 / 24.01.2019
8127
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда экологияга оид қандай янги лойиҳалар амалга оширилади?

24 январь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференцияси доирасида қатор янги лойиҳалар тақдим этилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров Kun.uz мухбирининг шу ҳақидаги саволига жавоб бериб, қуйидагиларни маълум қилди:

"Бугунги конференция доирасида қатор янги аниқ лойиҳалар тақдим этилди. Булар:

1. Орол тубида ўрмонлар барпо этиш. Бунга доир аниқ лойиҳамиз, маблағлар, режаларимиз бор. Биз бу ишни бошладик, лекин халқаро ҳамкорларимиз, Европа Иттифоқи давлатларини ҳам шу лойиҳани молиялаштириш ва биргаликда амалга оширишга жалб қилмоқчимиз.

2. Орол бўйи минтақаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш. Қорақалпоғистонни оладиган бўлсак, у ерда 31 та чиқинди полигони бор, уни қисқартириш керак, чунки бу кўп ҳисобланади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан келишув асосида бу лойиҳани ҳам бошладик. Шундай бўлса-да, лойиҳа бошқа донор-давлатлар учун ҳам очиқ.

3. Биохилма-хилликни сақлаш, муҳофазадаги табиий ҳудудларни ташкил қилиш. Ҳозирги кунда табиий ҳудудлар сони 700 минг гектарга яқин. Қорақалпоғистон ҳудудида қўйилган вазифага асосан биз бу кўрсаткични яқин келажакда 3 млн гектаргача етказишимиз, яъни янги табиий муҳофазадаги ҳудудларни ташкил қилишимиз керак. Бу, албатта, қўшимча маблағ, қўшимча инвестицияларни талаб қилади.

Бундан ташқари, яна бошқа лойиҳалар ҳам анжуман доирасида тақдим этилди".

Таъкидлаш жоизки, Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференцияси 25 январь куни ўз ишини давом эттиради.

Бундан аввал Kun.uz'да Тошкентда Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференцияси доирасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва яшил иқтисодни илгари суриш масалалари муҳокама қилинаётганига оид хабар тақдим этилган эди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид