Ўзбекистон | 10:40 / 26.01.2019
11865
6 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳайвонот боғида «Акванариум» ва «Сафари парк» ташкил қилинади

Фото: tashkentzoo.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонот боғлари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини яхшилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан ҳайвонот боғларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент шаҳар, Сурхондарё ва Фарғона вилояти ҳокимликлари:

Тошкент ва Термиз ҳайвонот боғлари объектларини қуриш, уларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда унинг инфратузилмаси ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

Тошкент ва Термиз ҳайвонот боғларида замонавий зоологик лаборатория ва зоомуҳандислик илмий мажмуасини ташкил этиш чораларини кўради;

Тошкент ҳайвонот боғи таркибида давлат хусусий шерикчилиги шартлари асосида “Акванариум”, “Сафари парк” ҳамда ветеринария лабораториясини ташкил қилиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқади;

Тошкент ҳайвонот боғи ҳудудидаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш доирасида:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб;

“ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси — бош лойиҳачи этиб белгиланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги белгиланган тартибда:

2019-2020 йилларга Тошкент ҳайвонот боғи объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини;

ҳайвонот боғидаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш учун пудрат ташкилотлари сифатли аниқланишини таъминлайди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Инвестиция дастури маблағлари доирасида танлов натижасига кўра иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан Самарқанд ҳайвонот боғи лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маблағларни ажратиш;

белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ҳайвонот боғини қуриш ва жиҳозлаш ишларини Ўзбекистон Республикасининг келгуси йиллар инвестиция дастурига киритади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Самарқанд ҳайвонот боғини ташкил этишда зарур муҳандислик транспорт инфратузилмаларнинг мавжудлиги, экологик шароит, шамол эсиш йўналиши, ер ости сувларининг сатҳи, катта сув ҳавзасининг яқинлиги ва унинг сувидан фойдаланиш имконияти, белгиланган ҳудудда умумий санитария-ветеринария ҳолатлар каби жиҳатларини эътиборга олади.

Ҳайвонот боғларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича молиялаштириш манбаи этиб – Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, хомийлик хайриялари ва инвестиция маблағлари белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳайвонот боғлари фаолиятига оид қуйидаги меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

ҳайвонот боғларининг намунавий низоми ва штатлар жадвали;

ҳайвонларни озиқлантириш меъёрлари;

ҳайвонот боғларининг ветеринария-санитария ва зоотехника талаблари;

ҳайвонларни халқаро талабларга мос бўлган вольерларда сақлашни кўзда тутувчи талаблар;

ҳайвонларга хизмат кўрсатиш меъёрлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳайвонот боғларида фаолият кўрсатувчи ёрдамчи ва техник ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг ойлик иш ҳақи миқдорини ошириш чораларини кўради.

Шундай тартиб ўрнатиладики, 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳайвонот боғларининг хизмат кўрсатишдан тушган барча маблағларнинг 60 фоизи моддий-техника базани мустаҳкамлашга ҳамда қолган 40 фоизи ҳайвонот боғлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни моддий рағбатлантиришга сарфланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

чет эл тажрибасини ўрганиб чиққан ҳолда ҳайвонот боғлари тизимига замонавий технологияларни татбиқ этиш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш;

ҳайвонот боғлари молия-хўжалик фаолиятини шаффофлаштириш, даромад манбаларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш;

ҳайвонот боғларида турли тадбирларни ўтказиш ҳамда уларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;

ҳайвонот боғлари базасида қимматбаҳо ва ноёб ҳайвон турларини сунъий чатиштириш ҳамда янги жуфтларни шакллантириш, коллекцияларнинг тур таркибини генетик янгилаш учун ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни замонавий селекция ва инкубация технологияларига равон ўтиш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали ҳайвонот боғлари коллекцияларини бойитиш ва келгусида уларнинг хорижий давлатлардаги ҳайвонот боғлари билан айирбошлаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар Академияси ҳайвонот боғларини маҳаллий ҳайвонлар билан тўлдиришда яқиндан амалий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳайвонот боғлари эҳтиёжлари учун зарур бўлган озуқа, ем, витаминлар, ветеринария ва биологик воситаларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чораларини кўради.

Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2024 йилда Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда унинг доирасида Европа ва Осиё ҳайвонот боғлари ва аквариумлари ассоциацияси (“ЕАРАЗА”)нинг кенгайтирилган йиғилишини ўтказиш бўйича таклифларига розилик берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маданият вазирлиги билан биргаликда маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг туристик маршрутларига республикадаги ҳайвонот боғларини киритиш чораларини кўради.

Ҳайвонот боғларидаги барча коммунал тўловлар (газ, электр ва сув) аҳоли истеъмоли учун белгиланган нархларда тўланиши татбиқ этилади.

Коммунал тўловлардан иқтисод этилган маблағлар ҳайвонот боғи моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳайвонларни сақлашга йўналтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид