Ўзбекистон | 14:46 / 28.01.2019
20173
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда пенсия тақчиллиги 4,7 триллион сўмни ташкил этади

Фото: KUN.UZ

Жорий йил Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида тақчиллик юзага келди ва 4,7 триллион сўм бюджетдан қопланиши белгиланди. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Kun.uz'га маълум қилди. 

«Пенсия соҳасидаги ислоҳотлар керак эди. 1 январь ҳолатига кўра, жамғарманинг 5 триллион сўмдан ортиқ эркин қолдиғи бўлганди. Иш ҳақидан олинадиган 12 фоизли ягона ижтимоий тўлов жорий этилгандан сўнг, одамларни пенсияга рағбатини оширишимиз керак эди. Одамлар тўловларни бажаришга, ойлик маошларни яширмай, пенсия жамғариб боришга одатланиши керак. 

2019 йилга қадар пенсияни ҳисоблаш учун таянч миқдор энг кам иш ҳақининг 8 баравари – тахминан 1,6 миллион сўм эди. Ойлик маошингиз 10 миллион бўлса-да, 1,6 миллион сўмдан пенсия саналади. 

Президент топшириғига кўра, бундай адолатсиз тизим босқичма-босқич ўзгартирилади. Масалан, шу йилдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун таянч миқдор ЭКИҲ 10 баравари этиб белгиланди. Бу қўшимча 1 триллион сўмни англатади», – дейди у. 

Султоновнинг айтишича, ишлайдиган пенсионерларнинг 50 фоиз пенсия пули берилмаслиги ҳам адолатдан бўлмаган. 

«Бу нимага олиб келди? Пенсионерлар ишларди, аммо ишда ўзини кўрсатмайди, бундан рағбат йўқ. Айримлар эса расман маошларини яширган, ҳужжатда ишламаган», – деб қўшимча қилди Султонов​. 

Молия вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, 1 апрелга қадар Ўзбекистонда пенсия таъминотини ислоҳ этиш бўйича консепция лойиҳаси ишлаб чиқилади. ​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид