Ўзбекистон | 22:14 / 15.02.2019
37848
2 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг Кўксарой майдонидаги 14 қаватли Кенгашлар уйи ҳам бузилади

Бугун, 15 февраль куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 6 февралдаги топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Унда шаҳарнинг тарихий марказида аниқланган шаҳарсозлик меъёрлари талабларига мос келмайдиган 159та объектдан айримларини бузиш, қолганларини талабга мослаштириш ҳақида гап борди.

Жумладан, шаҳарнинг тарихий марказидаги 10 метрдан баланд бўлган биноларнинг ортиқча қисми 1 мартга қадар бузиб ташланиши эълон қилинди.

Кўҳна ва қадимий шаҳарнинг тарихий қисмида кўзга ташланадиган баланд бинолар қолмаслиги ҳақида гапирар экан, вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонидаги 14 қаватли вилоят ҳокимлигининг кенгашлар уйи ҳам яқин вақтлар ичида бузиб ташланишини эълон қилди. У ерда жойлашган вилоятнинг турли ташкилот ва бошқармалари бошқа биноларга кўчирилади.

Кўксарой майдонида 12 қаватли Бизнес марказ биноси ҳам қад ростлаган. Вилоят ҳокими бу бинонинг бузилиш-бузилмаслигига ойдинлик киритмади, лекин ваъда қилинаётган тенденцияга кўра, катта эҳтимол билан бу бино ҳам бузилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган 14 қаватли маъмурий бинога яқиндагина ёруғлик диодли улкан экран ўрнатилган эди. Унда юртимизга оид турли рамзлар билан биргаликда, Самарқанднинг машҳур брендлари реклама қилиб турилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид