Ўзбекистон | 22:12 / 22.02.2019
7754
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкил этилади

Президентнинг 22 февралдаги 5667-сонли фармонига мувофиқ, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкил этилади.

Ўзбекистон социологлари ассоциациясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

·      ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

·      илмий тадқиқотлар, ижтимоий мезонлар методологиясини такомиллаштириш бўйича ишларда, мамлакатимиз социология ҳамжамиятининг интеллектуал ва илмий-техник салоҳиятини юксалтиришда иштирок этиш, шу жумладан, ижтимоий тажрибалар ўтказиш бўйича таклифлар киритиш;

·      Ўзбекистонда ва хорижда демографик жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилишга кўмаклашиш;

·      социологлар ва бошқа ходимларнинг малакасини ошириш;

·      олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига социология фанидаги энг янги ютуқларни ва социологик тадқиқотлар ўтказишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш бўйича улар билан ҳамкорлик қилиш;

·      халқаро ва хорижий социологлар ассоциациялари билан ҳамкорлик қилиш, сифатли социологик ишларни, шу жумладан, хорижда ўтказиш мақсадида консорциум ташкил этиш;

·      Халқаро социологлар ассоциациясига аъзо бўлиш, бутун жаҳон социологик конгресслар ва форумларда иштирок этиш.

Шунингдек, “Ижтимоий фикр” маркази:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, молия, иқтисодиёт ва саноат, бандлик ва меҳнат муносабатлари, ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахбороти;

Ўзбекистон Респубикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази бюллетенлари ва кундалик маълумотлари тўплами;

хорижий матбуот шарҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид таҳлилий маърузалари мажбурий жўнатиладиган реестрга киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

·      бир ой муддатда “Ижтимоий фикр” марказини мазкур Фармонга мувофиқ унинг номи ўзгартирилганини ва устувор вазифалари белгилаб олинганини ҳисобга олган ҳолда қайта рўйхатдан ўтказади;

·      ташкил этилаётган Ўзбекистон социологлари ассоциациясини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказади, устав органларини шакллантиришда унга ҳар томонлама кўмаклашади;

·      икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Президент маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклатилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид