Жаҳон | 11:00 / 24.03.2019
18215
2 дақиқада ўқилади

Африкадаги циклон қурбонлари сони 700 нафардан ошди

Африка жануби-шарқига ёпирилган «Идай» тропик циклони сабаби юз берган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 700 кишидан ошди. Бу ҳақда BBC News хабар тарқатди.

Тропик циклон тошқинларга олиб келиб, уйларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлган ҳамда Зимбабве, Малави ва Мозамбикда электренергия ишида узилишлар келтириб чиқарган.

Мозамбик ҳукумати 417 нафар қурбон ҳақида маълумот берган. Зимбабведа 259 киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ киши бедарак кетган, Малавидаги қурбонлар сони расмий маълумотларга кўра - 56 нафар.

Якуний талофатлар сув тошқинлари бартараф бўлгач ўтказиладиган текширувлар натижасида маълум қилинади.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштириш бошқармаси Бузи ва Замбези дарёлари қирғоқларидан тошиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Мозамбикда вабога ва безгакка чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

Бундан аввалроқ «Идай» циклони Мозамбикнинг ҳудуди жиҳатидан иккинчи йирик шаҳрини ва мамлакатнинг энг йирик портларидан бири — Бейрани бутунлай вайрон қилгани тўғрисида хабар берилганди. Ҳудуднинг қарийб 90 фоизи бутунлай вайрон бўлган. Алоқа тизимлари, йўллар тўлиқ ишдан чиққан. Айрим туманларга етиб боришнинг имкони йўқ. Бейрадаги порт ва аэропорт бир неча кундан бери ёпиқ. Шаҳарга циклон ёғилишидан олдин унда 400 мингдан ортиқ киши яшаган. Циклон ҳудудда кучли сув тошқинларини келтириб чиқарган. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид