Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳарбий кадрларни тайёрлашда Беларусь билан ҳамкорлик йўлга қўйилди
Ўзбекистон ҳарбий соҳадаги профессор-ўқитувчи кадрларнинг малакасини ошириш, юқори малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш ва ҳарбий санъатнинг долзарб муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларнинг натижалари бўйича ҳарбий-илмий (илмий-амалий) анжуманларни ташкиллаштириш ва ўтказишда Беларусь билан ҳамкорлик қилади. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.
25-28 март кунлари Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари – Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация Беларусь Республикасининг Ҳарбий академиясида расмий ташриф билан бўлди. Икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган мулоқот давомида, Ўзбекистон-Беларусь ҳарбий билим юртлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунига кўра, томонлар ўртасида профессор-ўқитувчи кадрларнинг малакасини ошириш, юқори малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш ва ҳарбий санъатнинг долзарб муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларнинг натижалари бўйича ҳарбий-илмий (илмий-амалий) анжуманларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича баённома имзоланди.
Ташриф давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси вакиллари Беларусь Ҳарбий академиясида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, курсантларнинг сифатли таълим олиши, яшаши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши, шунингдек ҳарбий-илмий тадқиқотлар билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.