Ўзбекистон | 16:10 / 29.03.2019
49442
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри ҳокимлиги шаҳар аҳолиси ва меҳмонлардан узр сўради

28 мартдан 29 мартга ўтар кечаси ва бугун эрта тонгдан ёғаётган ёмғир туфайли Самарқанд шаҳрининг кўплаб ариқларида сув тўпланиб қолиб, йўлларга чиқиб кетгани ва бу транспорт воситалари ҳамда пиёдалар ҳаракатланишига ноқулайлик туғдиргани аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Мазкур ҳолат акс этган видео ва суратлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ушбу ноқулайлик учун шаҳар аҳолиси ва меҳмонлардан узр сўраб, ҳокимлик ҳузурида тезкор штаб ташкил этилганини маълум қилди.

Айни пайтда шаҳарнинг Буюк ипак йўли, Даҳбет ва Регистон кўчалари чорраҳасида соҳавий хизматлар ходимлари томонидан сув йўлларини очиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, шаҳарнинг бошқа кўчаларида ҳам сув тошқинларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов назоратида эканлиги ва аҳолида бу борада мурожаатлар бўлса шаҳар ҳокимининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ёки телефонлари орқали мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид