Ўзбекистон | 18:27 / 03.04.2019
6361
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонда илк бор ишчи вазиятдаги кўргазма ўз ишини бошлади

Тошкентда Ўзбекистонда илк маротаба янги услубда ташкил этилган кўргазма UzbekBuild ўз ишини бошлади. 3-5 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ўзбек-турк кўргазмаси Тошкентнинг DİMAX савдо-кўргазма бизнес марказида ташкил этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани боис, ушбу кўргазманинг аҳамияти каттадир. Шу сабабли қурилиш ускуналари, техникалари ва қурилиш материаллари намойиш этиладиган Uzbekbuild кўргазмасини ташкил этишда Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда MUSIAD’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош қўшди. 

Туркиянинг 30дан ортиқ қурилиш соҳасида юксак натижаларга эришган компаниялари BOĞAZİÇİ İHTİSAS FUARCILIK LİMİTED ŞİRKETİ томонидан таклиф этилди. 

Эътиборли томони, кўргазма ташкилотчилари ишлаб чиқарувчиларнинг мижозларга, харидорларга ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга янада яқин бўлишини таъминлаш мақсадида Тошкентнинг Учтепа туманидаги йирик саноат зоналаридан бири ҳисобланувчи DİMAX савдо-кўргазма бизнес марказини танлашди ва бу илк маротаба шундай вазиятда ўтказилаётган кўргазма ҳисобланади. 

Uzbekbuild кўргазмасининг очилиши маросимига Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги, ЎзЛиДеП Тошкент кенгаши вакиллари, Туркия Жумҳуриятининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маҳмуд Сурайё Эр ва бошқа расмий шахслар ҳам ташриф буюрди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу кўргазманинг Ўзбекистон қурилиш соҳасини ривожлантиришда қанчалик муҳим ўрин тутиши, икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш, қурилиш моллари савдоси, давлатлар тадбиркорлари орасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

5 апрелгача давом этадиган UzbekBuild кўргазмасида Туркиянинг қурилиш индустрияси соҳасидаги 30дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этмоқда. Унда бетон ва асфальт заводлари, бетоннасослар, бетонаралаштирувчи транспорт воситалари, кўтарма кранлар, экскаваторлар, грейдерлар, юклаш машиналари, майдаловчи-сараловчи ускуналар, брусчатка ва сплитер блоклар ишлаб чиқарувчи ускуналар, махсус қурилиш техникаларига эҳтиёт қисмлари, қозиқлар (сваи)ни урувчи бурғилаш техникалари ишлаб чиқарувчилар бевосита иштирок этмоқда. 

Хусусан, дунёнинг 6 қитъаси, 120 мамлакатида 3500дан ортиқ бетон заводларига эга ELKON компанияси Uzbekbuild кўргазмасига ташриф буюрганларга ўзининг энг сўнгги ишланмалари ва технологияларини намойиш этмоқда. У кўчма, ихчам, стационар ва иншоотларолди бетон аралаштиргич узеллардан ташқари, прицепли бетононасослар, цементни узатиш тизимлари ва бетон рециклинг ускуналари, цемент учун силослар ишлаб чиқаради. 

Бундан ташқари, компания махсус бетон заводлар ҳамда турли хил темир-бетон маҳсулотлар, бетон девор панеллари, бетон плиталар, шпал, йўлак брусчаткалари, тўсиқлар, қувурлар учун махсус вибропресслар, бетонни узатишнинг турли тизимларини лойиҳалаштиради. 

Кўргазмада, йўл қурилишига доир ускуна ва техникалар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида Туркиянинг етакчи компанияларидан ҳисобланувчи Marini Makina, Polita Makina ва Teknofalt Makina кабилар ҳам ўзлари ишлаб чиқарган энг сўнгги русумдаги ва замонавий технологиялар қўлланилган асфальт заводларини тақдим этмоқда. 

Бундан ташқари, қурилиш буёқлари, металлга ишлов бериш қурилмалари, электр ёритқич жиҳозлари ва ускуналари, ёритқич устунлари, иситиш тизими, совутиш ва ҳаво айлантириш тизими, кранлар, йўл тўсиқлари, юк ва йўловчи кўтаргичлари, ишлов бериш учун декоратив материаллар, меъморчилик ечимлари, ландшафт дизайни ва кўкаламзорлаштириш воситалари кабилар ҳам кўргазмага келганлар эътиборига ҳавола этилади. 

4 апрель куни кўргазма доирасида 14:00-17:00да ўзбек-турк тадбиркорлари ўртасида икки томонлама В2В корпоратив учрашувлар ташкил этилади. 

Кўргазма доирасида Ўзбек-Турк қурилиш бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди. Форумда бетон, асфальт ва инерт материаллар ишлаб чиқаришнинг энг янги замонавий технологиялар ҳақида маълумотлар берилиб, икки мамлакатнинг қурилиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид