Ўзбекистон | 12:43 / 04.04.2019
8448
4 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида агросаноат кластери ташкил этилади

Фото: Sputnik / Виталий Тимкив

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, «Industrial Innovation Group LLC» (Бирлашган Араб Амирликлари) ва «RS Success Agro» (Ўзбекистон) компаниялари альянсининг:

Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш;

Сирдарё вилоятида техник каноп, целлюлозали маҳсулотлар ва алмашлаб экишда иштирок этувчи бошқа турдаги экинларни етиштириш учун 2019 йилда 5 798 гектар майдонни ажратиш ҳамда уни 5 йил давомида 25 минг гектарга етказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

2019–2023 йилларда альянс томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси билан биргаликда:

бир ой муддатда белгиланган тартибда 5 798 гектар ер майдонларининг «RS SUCCESS AGRO» компаниясига ажратилишини таъминлайди;

ушбу қарорнинг иловасида кўзда тутилган лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган ер майдонларини «RS SUCCESS AGRO» компаниясига ажратилишини кўзда тутади.

Белгилаб қўйилишича, инвестициявий мажбуриятлар бажарилмаган, мазкур қарор асосида тақдим этилган ер участкалари ишлатилмаган ёки улардан мақсадли ва оқилона фойдаланилмаган ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф-муҳитнинг бузилишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилган тақдирда ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тугатилади.

Белгиланишича:

фермерлар учун кўзда тутилган лизинг бўйича қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғ, ёқилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш шартлари ва тартиб-қоидалари «RS SUCCESS AGRO» компанияси учун ҳам татбиқ этилади;

«RS SUCCESS AGRO» компанияси миллий валютадаги маблағларни тўплаши ва уларни молия-хўжалик фаолияти ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун тақсимлаши мумкин;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиш айланмасига алоқадор бўлмаган олинадиган ва бериладиган пул маблағлари ва мол-мулклар ҳамда соф фойдани тақсимланиши солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

«RS SUCCESS AGRO» компаниясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

ҳудудий шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда целлюлозали ўсимликларнинг селекция навларини мустақил равишда олиб кириш ва жойлаштириш, илмий асосланган алмашлаб экиш, сув ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш;

ўз маҳсулотларини эркин тасарруф қилиш, нарх сиёсати ва сотиш, шу жумладан экспорт қилиш ҳажмларини мустақил белгилаш.

Лойиҳа доирасида «RS SUCCESS AGRO» компаниясини ўз эҳтиёжлари учун альянс корхоналари томонидан импорт қилинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган: уруғлар, ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техника, жумладан, бутловчи қисмлар, хом ашё ва материаллар, қурилиш материаллари, иссиқхона комплекслари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Бундан олдин, Наманганда йирик агросаноат кластери пайдо бўлиши, унинг маҳсулотлари қатор вазирликларга етказиб берилиши хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид