Жаҳон | 08:31 / 07.05.2019
12080
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған НАТО бўйича иттифоқдош давлатларнинг позицияларини қоралади     

Фото: Anadolu

Туркия НАТОнинг амалда ИШИДга қарши муваффақиятли уруш олиб борган ва олиб бораётган ягона аъзоси ҳисобланади. НАТОнинг Шимолий Атлантика кенгаши ва “Ўрта ер денгизи мулоқоти”нинг Анқарада ўтган йиғилишида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған шундай фикрни айтди.   

Эрдўған Туркия қуролли кучларининг Суриядаги аксилтеррорчилик операциялари Туркияга қарши жазава фонида олиб борилганини таъкидлаб ўтди. 

У Туркия саъй-ҳаракатлари эвазига Идлибда гуманитар фалокат бартараф этилгани ва барқарорлик таъминланганини қўшимча қилган. Эрдўғаннинг таъкидлашича, Анқара юзлаб минглаб беайб сурияликларни ўлимдан сақлаб қолган ва Европага қочқинларнинг янги оқимини бартараф этган.

Эрдўғаннинг айтишича, Анқара Туркия қуролли кучлари кўмагида Суриянинг террорчилардан озод қилинган ҳудудларига 320 минг қочқиннинг қайтишига ёрдам қилган.

Туркия раҳбари минтақада террорчиларни қуроллантирган НАТО бўйича иттифоқдош давлатлар позициясини қоралаган. “Баъзи иттифоқдошларимиз Туркия хавфсизлиги ва аҳолисига таҳдид қилувчи террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлайди. Бу давлатлар террорчиларга катта партияда қурол ва ўқ-дори етказади. Террорчилар етакчилари олдида қизил гиламлар тўшалади, баъзи давлатларда эса улар юқори даражада қабул қилинади. Буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди”, деб айтган Туркия етакчиси. 

Эрдўған Анқаранинг ташқи сиёсатини кўп йўналишли деб атаган.

Эрдўған С-400 мажмуалари атрофидаги инқирозга эътибор қаратган. “С-400 мажмуаларини сотиб олиш Туркиянинг суверен ҳуқуқи ҳисобланади. Биз бундай мавзулар атрофида шов-шув кўтарилишига қатъиян қаршимиз. Анқаранинг ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлари НАТО доирасида адолатли баҳоланиши лозим”, деб қўшимча қилган Эрдўған. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид