Жамият | 01:20 / 28.05.2019
9950
3 дақиқада ўқилади

Мўмин хайрли ишларда шошилади ва Аллоҳнинг розилигини топади

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Хайрли ишларда шошилиш”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиробод” масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов шарҳлаб берди. 

YouTube

Tas-IX

Хорис ибн Осим Ашъарий (р.а) ривоят қилдилар:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Поклик – иймоннинг ярмидир...”.

Тасаввур қилинг, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам покликни иймоннинг ярмига белгилаб беряптилар. Бу жуда катта иш, улуғ бир ҳолат. Чунки покликнинг иймонга тенглаштирилишига Аллоҳ таолонинг бандаларини ҳар тарафлама пок бўлиб юришларига жуда катта тарғиб бор.

“... Алҳамдулиллаҳ, мезонни тўлдиради. Субҳаноллоҳи валҳамдулиллаҳ ер билан осмоннинг ўртасини тўлдиради”.

Бу гўзал зикрда бандаларга жуда катта даража, жуда катта мукофот Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган.

“... Намоз нурдир”.

Нур - намозхондаги ҳаё, гўзал хулқ, бировни алдамаслик, бировни камситмаслик, бировдан ўзини устун қўймаслик. Чунки бугунги кундалик ҳаётимизда ўзи намоз ўқиб, аммо ҳақиқий намозхонларнинг шаънига иснод келтириб қўяётган, баъзи кишилар бор. Намозини мукаммал бўлишини истаган мўмин-мусулмонлар намозини муҳофаза қилади.

“... Садақа ҳужжатдир”.

Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасида садақа бор. Унинг турлари кенг маънода қўлланилиши мумкин. Аллоҳ таоло берган мол-давлатни ҳисоблаб, ўрнида сарфлашлик садақа ҳисобланади. Ҳеч нарса бўлмаганда ширин сўзни топиб гапиришлик ҳам садақадир.

“... Сабр зиёдир”.

Ҳар бир амалнинг гўзал бўлишига сабр, албатта, сабабчи бўлади. Барча амаллар, ибодатлар сабр ила адо этилса, у зиё бўлади, нур бўлади.

“Қуръон инсоннинг фойдаси ва зарарига ҳужжат бўлади”.

Қуръони каримни қуруқ ёдлаб, унга амал қилмайдиган бўлса, албатта, у зарарга. Аксинча, бўлса фойда. Чунки Қуръонни ёдлаш суннат, унга амал қилиш фарздир.

“Ҳар ким ўзини сотиш мақсадида чиқади. Ё уни азобдан сақлаш учун азоблайди ёки ҳалок этади”, - деб марҳамат қилдилар. 

Ҳар ким ўзини сотиш учун чиқади, деган маъно шу эканки, кимки нафсини Аллоҳ учун сотса, яъни Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиб, унга гўзал амал қилишга ҳаракат қилаётган бўлса, у омонда бўлади. Яъни, ҳар ким ўзи учун ҳаракат қилади.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид