Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош прокуратура: Қашқадарёда ўлдирилган айиқ аҳоли ҳаётига хавф туғдирган
Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Қашқадарё вилоятида бир гуруҳ шахслар Халқаро қизил китобга киритилган қўнғир айиқни ўласи қилиб дўппослагани ҳақидаги хабар юзасидан маълумот берди.
Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz мухбирига хабар қилишича, жорий йилнинг 28 май куни Чироқчи тумани, Лангар МФЙ, Тутли қишлоғига Самарқанд вилояти билан чегара ҳудуддан айиқ кириб келиб, томорқаларни пайҳон қилиш, уй ҳайвонларига зарар етказиш билан бирга аҳоли ҳаётига хавф туғдирган.
Хусусан, фуқаро Тўраев Ҳусан, Сулаймонов Рустам, Очилов Ҳайдар ва бошқаларнинг хонадонига кирган айиқ агрессив ҳаракатланган ҳолда хонадон эгаларига таҳдид (отилиб) қилиб, қўрқитган.
Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Қаҳрамон Исмоилович Сулаймонов ёрдамга чақирилиб, айиқни ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирган.
Хабарга кўра, ҳодиса жойига етиб борган профилактика инспектори Ш.Р. жойни кўздан кечириб, ишни процессуал тартибда расмийлаштирган ва айиқ туман марказига олиб келинган.
Мазкур ҳолат туман ИИБнинг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида 28.05.2019 йилда 1009-рақам билан рўйхатга олиниб, айни вақтда тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолат бўйича сўралган Ҳ.Тўраев ўша куни томорқасида ишлаб турганида адирдаги тепаликдан унинг хонадонига айиқ ҳужум қилиб кириб келганини, унга қараб икки марта таҳдид сифатида бақирганидан қўрқиб кетганини, шу вақтда қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи унинг хонадонидан 20 метр пастроқда айиқни отиб ташлаганини баён қилган.
Айиқ жасади туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиқлари томонидан кўздан кечирилиб, айиқнинг ҳолатига оид ҳамда (қутуриш) касалликларга чалингани юзасидан текширув ўтказиш учун ветеринария бўлимига топширилган.
Айни вақтда туман ветеринария бўлими томонидан айиқ жасадидан олинган намуналар экспертизадан ўтказиш орқали ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги марказига юборилган.
«Мазкур ишга ваколатли идоралардан малакали мутахассислар жалб этилган ҳамда текшириш ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Текширишда асосий эътибор, айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқлиги, уни ўлдирмасдан ҳам хавфнинг олдини олиш имкони бўлган ёки йўқлигига қаратилган бўлиб, тегишли шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш билан натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026
Қашқадарёда ИИБ ходими пора билан ушланди
19:41 / 20.05.2026
Қашқадарёда 25 ёшли йигит сел оқизиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
11:45 / 18.05.2026