Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лойиҳада икки омил: аҳоли хавфсизлиги ва иқтисодий тежамкорлик
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида «Ўзтрансгаз» АЖ навбатдаги «Тежамкор газ лойиҳаси» тақдимотини ўтказди.

«Бугунги кунда инсон ҳаётини асрашдек долзарб масаланинг самарали ижроси табиий газ ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланишда ҳам ўз аксини топгани ОАВ, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган ушбу янгилик орқали намойиш қилинди. Шаҳар газ таъминоти идораси биноси ёнидан жой олган дўконда тадбиркорлик субъекти билан келишув асосида республикада илк маротаба стандарт, тежамкор ва хавфсиз газ ускуналар савдоси йўлга қўйилди. Унинг пештахталаридан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда хорижнинг тизимга тааллуқли маҳсулотлари ўрин олди.
Жумладан, газ қувурлари, иситиш қозонлари, газ ёндиргичлари, плиталари, ҳисоблагичлар, таъмирлаш учун зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар, махсус кийимлардан тортиб, майда деталларгача шу ернинг ўзида жамланди. Мақсад ҳам аслида шу эди, биринчидан, фуқароларнинг билиб-билмай, кафолатланмаган, давлат стандартидан ўтмаган газ ускуналарини турли жойлардан харид қилишининг олдини олиш бўлса, иккинчидан, зарурий жиҳозларнинг бир дўконга жамлангани истеъмолчи учун ортиқча ҳаракат ва харажатни тежашга ёрдам беради», дейилади «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизмати хабарида.

Ушбу лойиҳа республикамиздаги энг чекка ҳудудларни ҳам қамраб олиши билан аҳамиятли. Вилоят марказида ташкил қилинган бундай дўконлар барча савдо шохобчалари учун асосий нуқта бўлиб, барча маҳсулотлар «биринчи қўл» нархида келтирилади ва харидорга товарнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот беради. Сотилган ҳар бир товарга кафолат хати тақдим қилинади. Тўлов жараёнларида ҳам замонавий интернет, компьютер технологияларидан шу ернинг ўзида фойдаланиб, онлайн тўловни амалга ошириш имконияти мавжуд. Эътиборлиси, харид қилинган газ жиҳозлари газ таъминоти идораси мутахассисининг қатъий назорати остида истеъмолчининг хонадонига бориб ўрнатиб берилади. Бу билан кифояланмай, мутахассислар харид қилинган ва маълумотлар базасига киритилган бу жиҳозларни онлайн тарзда мониторинг қилиб боришади. Вилоят газ таъминоти идораси дўконларнинг доимий буюртмачиси сифатида ҳудуддаги ўрганилган хонадонларга ўрнатилиши лозим бўлган жиҳозларга буюртмалар бериб боради.

«Табиий газ – бу неъмат, деймиз. Унинг чекланган ресурс экани, тежаб-тергаб ишлатиш, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ҳақида ҳам бот-бот эслатамиз. Албатта бу масаланинг бир томони. Қишнинг совуқ кунлари кириб келиши билан аҳоли турар жойлари - хонадонларида иситиш тизимидан фойдаланишни бошлайди. Соҳада олиб борилган таҳлиллар кўплаб хонадонлар ҳамон носоз, ностандарт, хавфли газ жиҳозларини ишлатиб келаётганини кўрсатмоқда. Истеъмол муддатини ўтаб бўлган бундай газ ёндиргичлари (горелка) газни кўп миқдорда сарф ва исроф қилиши билан, айниқса, хонага газ сизиб чиқиши, ис гази тўпланиши билан инсон учун хавфли саналади. Эҳтиётсизлик оқибатида фуқароларнинг заҳарланиши ҳатто ҳаётдан бевақт кўз юмишидек кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмоқда. Газ жиҳозлари савдосига мўлжалланган дўконлар фаолиятининг йўлга қўйилиши ана шу сингари бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга, қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиши мумкин. «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан тасдиқланган № 50–сонли буйруқ ана шундай хайрли ишларга ҳуқуқий асос бўлди, дейиш мумкин», дейилади хабарда.

Мутахассислар маросимга ташриф буюрганларга иситиш қозонларидаги эски газ горелкасини автоматлаштирилган турига алмаштириб, газ сарфини 40 фоизга камайтириш мумкинлигини, эски газ горелкаларидаги ойлик газ сарфи (қиш мавсумида) 650 куб метр, янгиларида эса 340 куб метрни ташкил қилишини оилавий бюджет учун анчайин фойдали эканини мисолларда тушунтиришди. Аслида ҳам ҳисоб-китоблардаги ойлик 310 метр куб газнинг ёки ҳар ойда 108 минг 500 сўм миқдорда маблағнинг тежалиши (қиш ойларида бу кўрсаткич 1 860 метр куб (651 минг сўм)гача етади) ҳеч қандай истеъмолчини бефарқ қолдирмаслиги аён бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давр талаби саналган инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш масаласи тизим ходимларини ташвишлантираётганидан мамнун эканликларини билдиришди. Кекса, табаррук отахонлар ҳам дуога қўл очиб, табиий неъмат – газнинг нечоғлик кундалик заруратга айлангани, уни келгуси авлодга ҳам тежаб-асраб етказиш лозимлигини алоҳида таъкидлашди, фаолиятнинг бундай хайрли ишлари кўламининг янада кенгайишига умид билдиришди.
Мазкур лойиҳа натижаларига оид маълумотлар «Ўзтрансгаз» АЖ Ахборот хизмати томонидан ОАВда мунтазам ҳавола қилиб борилади.
Мавзуга оид
19:31 / 23.02.2026
Беҳзод Норматов Президент администрациясига ишга ўтди
12:33 / 08.02.2025
Анорбанк Энергетика вазирлиги ва Ўзтрансгаз биноларини сотиб олди
17:00 / 27.12.2024
Газлидаги бошқарма цехида янги двигатель ўрнатилди
18:04 / 14.09.2024