Жамият | 14:30 / 04.06.2019
23708
4 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги маҳаллада сел оқибатлари билан кимлар курашяпти?

Кеча, 3 июнь куни Жиззах шаҳридаги маҳаллани сув босгани хабар қилинганди. Айни вақтда аҳоли ушбу маҳаллада ҳамон хавотирли вазият эканини хабар қилмоқда. Мухбиримиз воқеа жойидан ҳолатни баён этмоқда.

4 июнь. Тонгги 06:30. Жиззах шаҳар Боғишамол маҳалласи. Маҳалладаги йигирмага яқин хонадон сув тошқинидан жиддий зарар кўрган. Иккита хонадон қулаш арафасида, яна ўнга яқини авария ҳолатида. Жиззах шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлим раҳбари ва ходимлари шу ҳудудда. Ходимлар махсус техника билан айри хонадонлардаги сув тортиб олинган. Кечаси эркаклар уй яқинидаги кўчада тунаб қолишган, аёллар ва болалар яқин атрофдаги зарар кўрмаган хонадонларда тунашган.

09:00. Маҳалла раиси ҳамроҳлигида ўт ўчириш машинаси кириб келди. Дастлаб ўт ўчирувчилар машинасидан бошқа хизматлар томонидан хонадонидан сув торттиришни истаганлардан ёқилғи сўралган. Аммо аҳолининг кескин норозилигига дуч келгач, маҳалла раиси вазиятни юмшатиб ёқилғи учун ўзи тадбиркор, ҳомийларни топишини маълум қилган.

10:20. Ҳокимлик вакиллари ҳамон йўқ. Аҳоли саросимада ким, нима қилишни билмайди. Вақтинча яшаш жойи, палатка каби нарсалар ҳақда ҳеч қандай гап йўқ. Сел оқибатида ҳожатхоналар бузилиб кетиб атрофга оқава тарқаган, антисанитар ҳолат. Давлат санитария эпидемиология маркази ходимлари йўқ, тез ёрдам ҳам келмаган. Аҳоли ҳар ким ўзи учун курашиб “пожарний”га қўлдан келгунча қарашмоқда. Битта техника камлик қилмоқда.

10:50. Атрофда фақат зарар кўрган хонадонлар эгалари ва қариндошларини кўриш мумкин. Табиий офатдан зарар кўрганларга узоқ-яқиндан қариндошлари озиқ-овқат келтирмоқда. Улар кечаси Kun.uz’да яқинларининг бошига тушган савдодан хабар топишганини маълум қилмоқда. Ўт ўчириш машинаси қийинчилик билан бўлсада сувни тортиб тугатмоқда.

Сел кутилмаганда келдими?

Зарар кўрган хонадонлардан бирининг соҳиби Инъом Нарзиқулов аҳоли неча йилдан бери тошқинлар билан курашиб келаётгани ҳақда сўзлаб берди:

- Аслида йигирма йилдан бери сел билан курашиб келамиз. Талафот миқдори унча катта бўлмаганининг сабаби ҳудудга кириш жойида учта селни тутиб қолиш ҳовузлари бўларди. Сел аввал ҳовузга қуйилиб кучини йўқотар, ундан кейин ҳовузга ўтар, шу тарзда сел кучи камаярди. 2013 йили Президент қарори чиққанди сел бўйича (2013 йил 23 декабрда “Тошқин сувлари ва сел оқимларини Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш лойиҳаларини шакллантириш, ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинган - таҳр.) Сел тошқинларини олдини олиш бўйича ўша қарор бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан 406 миллион сўм атрофида пул ажратилган. Ўшанинг ҳисобидан ҳовузлар кенгайтирилиб, талаб даражасига келтирилган. Шундан кейин биз етти йил сел нималигини билмагандик. Афсуски, кейинги йилларда биз айрим раҳбарлар сабаб бўлиб ана шу сел тутиш ҳовузларини бой бердик. Бу ҳовузлар тупроққа тўлдирилиб, фуқароларга уй-жой қуриш учун бериб юборилди. Бу масалани бир неча бор кўтариб, уй-жой эгаларига ёмон кўриндик. Бугун уларнинг ўзлари ҳам жабр кўриб ўтирибди. Эскилардан қолган нақл бор:"Сел йўлини тўсма", деган, лекин бизда акси бўлмоқда, – дейди И.Нарзиқулов.

Селни тутиб қолувчи ҳовузларнинг уй-жой учун бериб юборилиши бугун мана шундай фалокатларга сабаб бўлиб турибди. Энди эса унинг оқибати билан курашиш аҳолининг ўзига қийин бўлмоқда.

Биргина 71-умумий хонадонда 8 та хонадон, ногирон, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, яшаб келаётганди. Сел ана шу хонадонларнинг барчасига офат келтирди. Умид қиламизки, шаҳар ҳокимлиги ушбу маҳалладаги аҳолини ўз ҳолига ташлаб қўймайди.

 

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид