Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Октябрь ойи бошида Ўзбекистонда салқин ҳаво кузатилади
Октябрь ойининг дастлабки кунларида Ўзбекистон ҳудудида салқин об-ҳаво кузатилади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар бермоқда.
«Сентябрь ойининг охирги кунларида ҳақиқий куз об-ҳавоси ўзини намоён қилди. Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистон ғарбидан салқин ва нам ҳаво оқимлари кириб келди. Ушбу ҳаво оқими таъсирида 29 сентябрь куни Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти, 30 сентябрь куни кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида қисқа муддатли, Тошкент вилоятининг тоғолди ва тоғли туманларида ўртача жадалликда ёмғир ёғиб ўтди. Республика ҳудуди бўйлаб шамол кучайиб, айрим жойларда унинг тезлиги секундига 15-20 метрни ташкил қилди. Бугун кундузги ҳарорат 18-23 даражагача пасайди», дейилади Ўзгидромет хабарида.
Октябрь ойининг биринчи кунида салқин ва нам ҳаво оқимининг таъсири ҳали сақланиб туради. 1 октябрь куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади. Фарғона водийси вилоятларида эса сутка давомида ёмғир кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 8-13 даража, кундузи 18-23 даража бўлади.
Чоршанба кунидан ҳафтанинг охиригача мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат 2 октябрь куни Фарғона водийси вилоятларида кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.
2-5 октябрь кунлари ҳарорат кечаси 10-13 даража, кундузи 22-25 даража бўлади. Бундай ҳарорат фони ушбу давр учун хос бўлган ўртача кўрсаткичлардан 2-4 даражага салқиндир.