Ўзбекистон | 09:07 / 04.11.2019
8825
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда замонавий агросаноат кластери ташкил этилади

Қорақалпоғистон Республикасида замонавий агросаноат кластери ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, “Қорақалпоқпахтасаноат ҳудудий бирлашмаси” АЖ қайта ташкил этилади ва унинг базасида таркибига ташкилотларни киритиш орқали масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Qoraqalpog`iston agrocluster” замонавий агросаноат кластери ташкил этилади.

Қуйидагилар Агрокластернинг ишлаш тамойиллари этиб белгиланади:

2020 йил ҳосилидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўмагида бошқа пахта-тўқимачилик корхоналари билан шартнома тузмаган ёки пахта-тўқимачилик корхоналарининг ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун шартномасини бекор қилган фермер хўжаликлари билан пахта хомашёси етиштириш ва харид қилиш бўйича контрактация шартномаларини тузиш;

келгуси йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этувчи янги маҳаллий инвесторлар ва кластерлар билан фермер хўжаликлар ўртасида пахта хомашёсини етиштириш ҳамда харид қилиш бўйича контрактация шартномаларини тузишни жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш;

фермер хўжаликларидан харид қилинган пахта хомашёсини кластер таркибига кирувчи пахтани қайта ишлаш корхоналари томонидан қайта ишлаш кейинчалик ишлаб чиқарилган тола ҳамда иккиламчи маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ёки ички тўқимачилик ва бошқа қайта ишловчи корхоналарга биржа савдолари орқали белгиланган тартибда сотиш;

Агрокластер таркибига кирувчи корхоналар томонидан пахта хомашёсини ишлаш ва қайта ишлаш натижасида олинган тўқимачилик ҳамда бошқа маҳсулотларни (пахта толасидан ташқари) ички ва ташқи бозорларда бозор нархларида эркин сотиш;

бошқа пахта-тўқимачилик корхоналари ва кластерлари, пахта хомашёсини чуқур қайта ишловчи корхоналар билан ишлаш учун тенг шароитлар яратиш.

Қуйидагилар Агрокластернинг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши этиб белгиланади:

пахта хом ашёсини етиштириш жараёнига илғор агротехник ҳамда сув тежайдиган технологияларни, пахта хом ашёсига бирламчи ишлов беришнинг самарали ва юқори рентабелли усулларини жорий қилиш;

пахта чигити уруғларини давлат ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш ҳамда экишга тайёрлаш;

илмий ва таълим муассасалари билан биргаликда селекция ҳамда уруғчилик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагайларини, шунингдек, пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлаш технологияларини яратиш;

етиштириладиган пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифати ҳамда миқдорини ҳисобга олиш ва назорат қилиш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

пахта хомашёси ва иккиламчи маҳсулотларни биринчи навбатда тўқимачилик маҳсулотлари учун чуқур қайта ишлаш.

Агрокластер Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Т.Каипбергенов кўчаси, 39-уй манзили бўйича тўловсиз фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид