Жаҳон | 23:20 / 18.11.2019
11869
2 дақиқада ўқилади

Татаристон президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Ноябрь охирида Татаристон президенти Рустам Минниханов Ўзбекистонга ишчи ташриф амалга оширади. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига иқтибос келтирган ҳолда “Реальное время” нашри маълум қилди. 

Таъкидланишича, Миннихановнинг Ўзбекистонга ташрифи дастурининг асосий банди икки республика ишбилармон доираларининг бизнес-форумида иштирок этиш бўлади. Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистон ҳудудлари ва Татаристон билан икки томонлама келишувлар имзоланиши кутилмоқда. 

Шунингдек, Минниханов ташриф давомида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бир қатор вазирликлар ва бошқармалар раҳбарлари билан учрашади. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида ҳамкорлик ҳақида бир нечта келишув амал қилади. 2018 йилда республикалар ўртасидаги товар айланмаси 57 фоизга ўсиб, 146 млн долларни ташкил қилган. Ўзбекистонда Татаристоннинг “КамАЗ”, “ТАИФ”, “КМПО”, “Позис”, “Татнефть” ва бошқа корхоналари лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Февралда Ўзбекистон Транспорт вазири Очилбой Раматов Татаристон президенти билан Қозондаги учрашувда Ўзбекистон жорий йилда Татаристон билан товар айланмасини 2018 йилга нисбатан 80 фоизга оширмоқчилигини айтиб ўтганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид