Жаҳон | 22:34 / 09.01.2020
14043
1 дақиқада ўқилади

БААда чиқиндилардан дунёдаги энг катта мозаика йиғилди

БАА пойтахти Абу-Дабидаги Masdar City эко-шаҳарчасида чиқиндилардан дунёдаги энг катта мозаика йиғилди. Майдони 1015 квадрат метрни ташкил қилувчи ёки иккита баскетбол майдонидек келадиган мозаика Гиннесс рекордлар китобига киритилди.

БААдаги тараққиётни акс эттирувчи мозаикани йиғишга бир ойдан кўпроқ вақт кетган. Уни йиғишда Абу-Дабида йиғилган пластик, тунука идишлар ва картон бўлаклари – ҳаммаси бўлиб 90 мингдан кўпроқ детал қўлланган. Лойиҳада Masdar City аҳолиси ва ходимлари ҳамда яқин атрофдаги мактаблар ўқувчилари иштирок этишган.  

Лойиҳа тақдимоти 11 январда бошланадиган Абу-Дабининг барқарор ривожланиши ҳафталиги арафасида ўтказилган. Мозаикадан мақсад жамоатчилик эътиборини чиқиндилар ҳосил бўлиши муаммосига қаратиш ва улар ҳажмини қисқартириш ва қайта ишлаш ёрдамида атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишга чорлашдан иборат.

Мозаика бир неча ой давомида туради. Сўнгра унда қўлланган материаллар қайта ишлашга жўнатилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид