Жамият | 19:04 / 03.03.2020
1998
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда иккинчи халқаро хайрия яриммарафони ўтказилади

2020 йилнинг 30-31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида иккинчи халқаро хайрия яриммарафони – Samarkand Half Marathon бўлиб ўтади.

Самарқанддаги биринчи яриммарафон. 2019 йил, ноябрь

Яриммарафонда дунёнинг турли нуқталаридан келган иштирокчилар узоқ ва қисқа масофаларда югуриш мусобақаларида иштирок этишади, деб маълум қилди Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Қайд этилишича, мазкур марафон шунчаки спорт дастури бўлиб қолмай, маданий-маърифий, ўқув-услубий дастурларни ҳам ўз ичига олади. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг маданий манзараси билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўлишади.

Лойиҳанинг мақсади – маданият ва санъат объектларидаги мавжуд инклюзив муаммоларга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт туризмини ривожлантиришдир.

Самарқанддаги биринчи яриммарафон. 2019 йил, ноябрь

Хайрия тадбирида иштирок этиш тўловидан тушадиган маблағлар Ўзбекистондаги маданият объектларида жисмоний имконияти чекланганлар учун керакли шароитларни йўлга қўйиш – инклюзив муҳит яратиш учун сарфланади.

Яриммарафон мусобақа йўлаклари Халқаро енгил атлетика уюшмалари федерацияси (IAAF) ҳамда Халқаро марафон ва югуришлар уюшмаси  (AIMS) томонидан сертификатлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Samarkand Half Marathon’нинг биринчи тадбири 2019 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган эди. Унда дунёнинг 25та мамлакатидан тажрибали ва ҳаваскор марафончилар иштирок этган, шунинг баробарида, Самарқанддаги маданий объектлар билан танишган эди.

Ярим марафонда иштирок этиш учун қилинган тўлов маблағлари республика театрларида тифлошарҳлаш амалиётини йўлга қўйиш учун жалб қилинган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид