Жаҳон | 14:30 / 11.03.2020
13036
4 дақиқада ўқилади

Туркияда коронавирусдан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди

«Бугун коронавирусга шубҳа қилинган бир фуқаронинг тести натижаси ижобий чиқди», деди Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа.

Фото: Anadolu Ajansi

Туркияда янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича дастлабки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа маълум қилди.

Вазирлик матбуот анжуманида Хитойнинг Уҳан шаҳрида 2019 йилнинг декабрида пайдо бўлган янги турдаги коронавируснинг бошқа кўплаб мамлакатларга 1-2 ҳафтада тарқалганига қарамай, Туркия мазкур жараёнда катта муваффақият кўрсатгани қайд этиб ўтилган.

«Афсуски, одамлар ҳар доим бир мамлакатдан иккинчисига кўчиб ўтадиган дунёда, қаршилик ва эҳтиёткорлик чоралари қандай бўлишидан қатъи назар, баъзи бир оқибатларнинг олдини олиш мумкин эмас. Агар биз дунё билан алоқамизни бутунлай тўхтатиб қўйганимизда эди, мен ҳозир сизнинг олдингизда бўлмас эдим. Бу ерда бўлишимнинг сабаби шаффофлик ва сизга қайғули, аммо қўрқинчли янгиликлар ҳақида хабарни етказишдан иборатдир. Бугун кечқурун коронавирусга шубҳа қилинган фуқаронинг тест натижаси ижобий чиқди.

Ташхис юқори иситма ва йўтал шикоятларининг сабабини ўрганиш натижасида аниқланди. Бемор вирусни Европа орқали юқтирган. У ташқи дунёдан бутунлай ажратилди. Хаста бир эркак киши бўлиб, ҳозирда умумий аҳволи яхши. Оиланинг барча аъзолари ва яқинлари назорат остида. Беморнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш нуқтайи назаридан батафсил маълумот алмашиш ўринли эмас эди. Бу бизнинг мамлакатимизда биринчи ҳолат. Маълумотларга кўра, ташхис эрта қўйилган. Агар вирус юқтирилган бўлса, бу жуда чекланган», деган вазир.

Фахриддин Хўжа / Anadolu Ajansi

Шунингдек, вазир мамлакат фуқароларига мажбурий бўлмаган тақдирда чет элга чиқмасликни тавсия қилган.

«Вазирлигимиз томонидан эълон қилинган коронавирусдан ҳимояланиш қоидаларига риоя қилишимиз керак. Ушбу чораларда бизнинг калит сўзимиз 14. Хориждан қайтаётганлар учун 14 кунлик қоида. Биз улардан ўзларини 14 кун давомида иҳота қилишни сўраймиз», деган у.

Сўнгги маълумотлар

11 март ҳолатига кўра, вирусдан зарарланганлар сони 119 375 нафарга етган, вирус қурбонлари сони 4300 нафар. 66 582 киши тузалиб кетган.

Италияда 10 март куни 168 киши вирус қурбонига айланган ва жами қурбонлар сони 631 нафарга етган. Мамлакатда COVID-19 аниқланганлар сони 10 149 нафарга етди - бир кунда 977та янги ҳолат қайд этилди.

Коронавирус эпидемияси бошланган Хитойда сўнгги бир кунда вирусга чалинишнинг янги 31 ҳолати ва 22 ўлим ҳолати қайд этилган. Эпидемия бошланганидан буён мамлакатда 80785 киши вирусдан зарарланган, 3158 киши ҳалок бўлган. 

Вирус тарқалишининг яна бир ўчоғи Эронда вирусдан зарарланганлар сони 8042 нафарга етди, 291 киши ҳалок бўлган.

Жанубий Кореяда 7775та касалланиш ва 61 ўлим ҳолати қайд этилган.

Айни вақтда Франция (1784 ҳолат, 33 ўлим), Испания (1695 ҳолат, 36 ўлим), Германия (1565 ҳолат, 2 ўлим) ва АҚШ (1010 ҳолат, 31 ўлим) каби давлатлар ҳам вирус кенг тарқалган давлатлар қаторига кирди. Шунингдек, Японияда «Diamond Princess» круиз лайнерида бўлганлар қўшиб ҳисобланганда жами 1283 кишида вирус аниқланган, 19 киши вафот этган.

Сўнгги соатларда Бельгия, Панама, Аргентина, Ливан ва Канадада ҳам коронавирусдан ўлим бўйича илк ҳолатлар қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид