Жаҳон | 01:33 / 25.08.2020
48774
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик учувчилар Африкадаги авиаҳалокат қурбони бўлди

Тожикистонлик икки нафар учувчи Жанубий Суданда содир бўлган авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: Aljazeera

Буюк Британиянинг South West Aviation авиакомпаниясига қарашли АН-26 юк самолётининг қулаши оқибатида икки нафар учувчи ҳалок бўлган. Кейинчалик уларнинг иккиси ҳам тожикистонлик бўлгани тасдиқланди.

Самолёт 22 август куни Жанубий Судан пойтахти Жуба шаҳридаги аэропортдан парвозни бошлагач, бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушган. Оқибатда тожикистонлик учувчилар Парвиз Қодиров ва Мирсултон Мираҳмедовлар ҳалок бўлган.

«Биздаги маълумотларга кўра, Парвиз Қодиров бир ҳафта олдин Суданга ишлаш учун жўнаб кетган. У учувчи эди. Унинг акаси Хуршед Парвизнинг жасадини олиб келиш борасида мурожаат қилди», дейилади Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Тожикистон ТИВнинг қайд этишича, яна бир учувчи Мирсултон Мираҳмедов келиб чиқиши тожикистонлик, лекин Россия фуқароси бўлган.

Фото: Aljazeera

EADaily ахборот агентлиги Жуба аэропорти вакилининг сўзларига таяниб хабар беришича, самолёт Жубадан Вау ва Авейль шаҳарларига қараб йўл олган. Кейинчалик Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги мазкур авиаҳалокатда жами 17 киши қурбон бўлгани, улардан икки нафари экипаж аъзолари экани ҳақида хабар берди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қутқарувчилар самолётдан бир кишини тирик олиб чиқиб, касалхонага юборишган. Аммо ҳозирча бу хабар тасдиқланмаган.

Авиаҳалокат аҳоли пунктларидан бироз узоқдаги ботқоқликда содир бўлган. Қулаб тушиб ёнаётган самолёт атрофига бир зумда маҳаллий аҳоли тўпланган ва сочилган пулларни териб ола бошлаган. Маълум бўлишича, самолётда мотоцикль, эҳтиёт қисмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, йирик корхона ишчиларига маош сифатида тўланиши лозим бўлган катта миқдордаги пул ҳам бўлган.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, самолётдаги йўловчи ва экипаж аъзоларини қутқариш учун шошилган қутқарувчилар ҳодиса жойига боришда атрофдаги ботқоқликлар туфайли қийинчиликларга дуч келган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид