Жаҳон | 09:11 / 25.08.2020
12810
2 дақиқада ўқилади

Туркия Қора денгизда топилган газ кони захиралари қийматини баҳолади 

Туркиянинг Қора денгиздаги қисмида топилган газ кони захираларининг тахминий қиймати 80 млрд долларга етиши мумкин. Бундай маълумотларни туркиялик иқтисодчи, Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол келтирди. 

Фото: Globallookpress

Унинг таъкидлашича, бундай катта ҳажмдаги газни қазиб олиш учун камида 6 млрд доллар миқдорида инвестиция талаб этилади. Мутахассис, шунингдек, Туркия ҳукумати мамлакат ўз газини қазиб олишни бошлаши билан унинг газ импортига тобелиги даражаси камайиши ҳақидаги фикрини қайтарган. Бундан ташқари, бундай йирик газ конининг аниқланиши Анқаранинг газ экспорт қилувчи давлатлар билан музокаралардаги позицияларини мустаҳкамлайди ва шартномалар тузишда газ нархини туширишда ёрдам беради.  

“Халқаро таснифланишда нефть ва газ конлари муайян тоифаларга бўлинади. Қора денгизда топилган янги кон йирик конлар тоифасига киради. Бу дунёда охирги йиллар топилган энг йирик газ конидир”, деб таъкидлаб ўтган Бирол.

Унинг таъкидлашича, янги кон ўз захиралари ҳажми бўйича Норвегия томонидан 2010 йилдан бери Шимолий денгизда аниқланган барча газ конлари захираларидан кўпроқни ташкил қилади.  

Иқтисодчининг фикрича, Туркия янги кондан ҳар йили 10-15 млрд кубметр газ олиши мумкин. Бу эса мамлакатнинг газга йиллик эҳтиёжининг учдан бир қисмини қоплайди.

Эксперт Туркия янги кондан газ олишни 2023 йилдан бошламоқчилигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қора денгизда топилган кон Туркия тарихида янги даврни бошлашини, унинг дастлабки захиралари 320 млрд кубметрга баҳоланаётганини маълум қилганди. Бироқ Эрдўғаннинг таъкидлашича, кон бундан ҳам истиқболлироқ бўлиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид