Жаҳон | 00:23 / 26.08.2020
17369
2 дақиқада ўқилади

Исроилда минг йиллик қадимий олтин тангалар топилди

Исроилда қазиш ишларини олиб борган икки нафар исроиллик ўсмир 425 та олтин тангадан иборат хазинани топиб олди. Топилган тангаларнинг умумий оғирлиги 845 грамм соф олтинни ташкил қилади.

Фото: CNN

Тангалар ер остига кўмилган сопол кўза ичидан топилган. Барча тангалар 24 каратлик соф олтиндан тайёрланган. Таъкидланишича, тангалар IX асрга мансуб бўлиб, ўша вақтда бу ҳудудлар Аббосийлар ҳалифалиги назоратида бўлган. Аббос ибн Абдулмутталиб асос солган Аббосийлар ҳалифалиги (750-1258 йиллар) ўша кезларда ҳозирги Жазоирдан Афғонистонгача бўлган ҳудудларда ҳукмронлик қилган.

Археологларнинг таъкидлашича, топилган тангаларга ўша замонларда ҳашаматли уй сотиб олиш мумкин бўлган. Уларнинг айтишича, тангалар аъло даражада сақланиб қолган. Таъкидланишича, Исроилда Аббосийлар даврига мансуб осори-атиқалар аввал топилмаган.

“Бу жуда ғаройиб бўлди. Мен ерни қазиётганимда ингичка баргларга ўхшаш нарсаларни кўрдим. Яхшилаб қараганимда, улар олтин тангалар эканини англадим. Бундай қадимий ва аҳамиятли хазинани топиш жуда қизиқ бўлди”, деб айтган ўсмирлардан бири Оз Коэн.

“Бундай миқдорда олтин тангалар камдан кам учрайди. Биз археологик қазилмалар вақтида уларни деярли топмаймиз. Чунки олтин ҳар доим қадрланган ва қайта-қайта эритилиб, авлодлар оша ишлатиб келинган. Соф олтиндан тайёрланган тангалар зангламайди. Тангалар гўёки бир кун аввал кўмилгандек аъло даражада бўлган”, деб айтишган мутахассислар.

Исроилнинг қадимийликлар ишлари бўйича бошқармаси олтин тангалар топилган жойни маълум қилмаган. Мутахассислар буни ушбу жойни мародёрлар - хазина қидирувчилардан ҳимоялаш истаги билан тушунтиришган. Ушбу ҳудудда қазилма ишлари давом эттирилади, чунки ер остида яна бошқа тангалар ва қимматли буюмлар яширилган бўлиши мумкин. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид