Жаҳон | 21:46 / 26.08.2020
5419
2 дақиқада ўқилади

Италияда коронавирусга қарши янги карантин киритилиши истисно қилинди

Италия ҳукумати коронавирус билан касалланаётганлар кўпаяётганига қарамай, янги чекловлар киритмайди. Бу ҳақда Италия соғлиқни сақлаш вазири Роберто Сперанса Bloomberg ахборот агентлигига маълум қилди.

Фото: Reuters

“Мен айни вақтда давлатимиз ёпилиши мумкинлигини истисно қиламан. Бизда ҳозирда янги касалланиш ҳолатлари кам, вазият назорат остида ва шифохоналарга кам юклама тушмоқда”, деб айтган вазир.

Унинг таъкидлашича, Италияда пандемия энг юқори даражага чиққанда интенсив даволаниш бўлимларида 4068 бемор бўлган, 25 августга кўра, ҳозирда ушбу бўлимларда бор-йўғи 66 бемор бор.

Сперансанинг айтишича, Италиянинг соғлиқни сақлаш тизими мустаҳкамланди, таҳлиллар натижалари чиқиши вақти минимумгача қисқартирилди ва Италияга хавф даражаси юқори бўлган давлатлардан келаётган одамларни аэропортларда тестлаш тизими йўлга қўйилган. Унинг таъкидлашича, ўтган ҳафтада коронавирусга топширган таҳлили натижалари мусбат чиққан одамларнинг ўртача ёши 30ни ташкил қилган ва уларнинг аксариятида енгил симптомлар кузатилмоқда ёки улар умуман йўқ.   

Европада коронавирус тарқалиши марказига айланган Италияда карантин чоралари 3 ойга киритилган эди. Бу мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказган. Ҳукумат 2020 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда. Бироқ Сперансанинг айтишича, янги чекловлар киритилишида иқтисодий омиллар асосийси ҳисобланмайди. “Саломатлик учун курашдаги ғалаба иқтисодий ва молиявий тикланишнинг гарови ҳисобланади”, деб айтган вазир.

Охирги ҳафталарда Италияда янги касалланиш ҳолатлари сони деярли ҳар куни ўсиб бормоқда. Бу асосан таътилдан қайтаётган фуқаролар ҳисобига юз бермоқда. Бироқ бу ўсиш Европанинг бошқа давлатлари, жумладан, Испания, Франция ва Германиядаги каби юқори эмас. 

25 августда Италияда 876 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Умумий ҳисобда касалланганлар сони 261 мингдан ортган. Улардан 35445 киши вафот этган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид