Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Низоларни ҳал қилишнинг суддан ташқари муқобил усули йўлга қўйилади
Сенатнинг 7-ялпи мажлисида «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларнинг чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кабиларни назарда тутади.
Сенатор Абдулла Хурсанов қонуннинг зарурати бўйича тушунтириш берди.
«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш, шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш учун ҳам зарур ҳисобланади», дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 11 мингдан ортиқроқ хорижий капитал киритилган корхоналар мавжуд бўлиб, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун уларнинг манфаатларига хизмат қилади.
«Бу қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши ҳам хорижий, ҳам маҳаллий инвесторлар учун жуда фойдали бўлади. Тадбиркорларнинг вақти, маблағи тежалади. Ишончи мустаҳкамланади. Суд тизимига юклама камаяди. Мамлакатда бизнес муҳити соғломлашади», деди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Мазкур қонун сенаторлар томондина маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун Сенатнинг 3-ялпи мажлисида муҳокама қилинган, қатор концептуал камчиликлар туфайли рад этилган эди. Кейинчалик Парламентнинг икки палатаси ўртасида келишув комиссияси тузилиб, қонун лойиҳаси қайта таҳрирдан ўтказилган.
Мавзуга оид
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026
Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ ПА сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди
11:19 / 19.05.2026
Шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучаяди
21:46 / 18.05.2026