Жамият | 11:18 / 14.09.2020
27527
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Қарши давлат университетида ишлаган шифокорни 7000 доллар билан ушлади

Ҳозирда Жиноят кодексининг 168- ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни кунларда мамлакатдаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказилаётган паллада Қашқадарё вилояти марказидаги оилавий поликлиникада онколог шифокор бўлиб ишлаш билан бир қаторда, Қарши давлат университетида ўриндошлик асосида фаолият юритиб, талабаларга сабоқ бериб келган шахс алдов йўли билан ўзгаларнинг пул маблағини ўзлаштирмоқчи бўлди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, мазкур фуқаро гўёки юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлигини рўкач қилиб, бир абитуриентни Қарши давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5000 АҚШ доллари, иккинчи абитуриентни М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 2000 АҚШ доллари, жами 7000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидланишича, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 2018 ва 2019 йилларда жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ҳукми билан икки маротаба судланган ушбу фуқаро ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид