Ўзбекистон | 21:45 / 23.12.2020
8268
2 дақиқада ўқилади

2021 йилдан барча ҳудудларда икки босқичли патронаж тизимига ўтилади — вазир

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев тиббиётнинг бирламчи бўғинини яхшилаш ва аҳоли тиббий маданиятини ошириш бўйича қандай ишлар қилинаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бу бўйича ҳозир биз илгари олиб борган патронаж тизимини қайта кўриб чиқдик. Илгариги умумий, мақсадсиз патронажнинг ўрнига ҳозир икки босқичли патронаж тизимини ишлаб чиқиб, йўлга қўйдик ва биринчи навбатда бу ялпи хатлов патронажи бўлиб, бунда асосий вазифа – нафақат аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари, биринчи навбатда саломатлик кўрсаткичларини белгилаш.

Бунда ўзимизнинг антропометрик ўлчовлар, аҳолининг овқатланиш режими, соғлом турмуш тарзига тўғри келадиган кўрсаткичларни аниқлаймиз.

Иккинчи йўналиш бу – уларнинг касалланиш кўрсаткичи. Ана шу асосида биз аҳолини 4та хавф гуруҳига бўлиб олиб, ундан кейин ҳар бир гуруҳ бўйича алоҳида иш олиб борамиз.

Иккинчи босқичда мақсадли ва манзилли патронаж тор мутахассисларни жалб қилган ҳолда олиб борилади», – деди вазир 2020 йил якунлари бўйича берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, мазкур шаклдаги патронаж тизими кейинги йилда барча ҳудудларда йўлга қўйилади.

«Ҳозирги кунда президент қарорлари асосида барча ҳудудларимизда 26та туман ва шаҳар белгилаб олинди. Уларда иш бошлаб юборилган. Шу йилнинг охиригача якунига етказиляпти.

Улардан ташқари, давлат раҳбари ташрифларида белгиланган, бу – Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида барча фуқароларни ана шу патронаждан ўтказишни амалга ошириб, ҳозирги кунда ниҳоясига етказиляпти.

Кейинги йилдан бу патронаж мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва иккинчи босқичи – мақсадли, манзилли патронажга ўтилади. Бу – халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг саломатлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, саломатлигини сақлаш, керак бўлса, тиклаш учун иш олиб боришимизга имконият яратади», – деди вазир.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид