Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Афв этилган фуқаролар мажбуран ишга жойлаштирилмайди» — вазир
«Агар фуқаро афв этилган бўлса, ўз хоҳишига кўра ишлаши ёки тадбиркорлигини давом эттириши мумкин. Унинг ҳаётига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», – деди маҳалла вазири Раҳмат Маматов.
Бугун, 24 декабр куни Ички ишлар вазирлигида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, унда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вазирликларнинг ахборотлари эшитилди.
Журналистнинг «Афв этилиб жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқароларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви ихтиёрий бўладими, улар маълум сабабларга кўра давлат ташкилотлари билан бу борада ҳамкорлик қилишни хоҳламаса, бунга мажбурланмайдими?” деган саволига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов қуйидагича жавоб берди:
«Фуқароларнинг эркинлиги Конституция билан белгиланган, фуқаролар жазо муддатини ўтаб келганидан сўнг ҳеч кимни уларни мажбурий ишлашга ва итоат эттиришга ҳаққи йўқ. Агар жазони ўтаб чиқиш давомида содир этган хатти-ҳаракати учун суд томонидан белгиланган 6 ойлик ёки 1 йиллик муддат бўлса, унда профилактика инспектори томонидан назорат қилинади.
Агар фуқаро афв этилган бўлса, ўз хоҳишига кўра ишлаши ёки тадбиркорлигини давом эттириши мумкин. Унинг ҳаётига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ».
Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳромбек Одиловнинг айтишича, афв этилганларга бириктирилган барча идора ва ташкилотларнинг ҳаммаси кўмаклашувчи ҳисобланади.
«Бизда унақа [аралашиш] нияти йўқ, мақсад-муаммосига ёрдам бериш. Улар келганидан кейин оиладаги муаммоси бор, шу бўйича қўлдан келганча ёрдам бериш, мақсад эртага қайта жиноят содир этмасин», — деди Баҳромбек Одилов.
«Бундан бир-икки йил аввал ҳокимликлар афв этилганларга ёрдам беришда ҳомий тополмай қийналарди, бу йил президентимиз томонидан жуда катта маблағлар ажратилмоқда. Шунинг учун муаммолар бўлмаяпти. Аввалги тергов ёки бошқа иш жараёнларида озгина ноҳақликлар бўлган бўлиши мумкин, шунинг учун ИИВ ва бошқа ташкилотлардан хафа бўлиб, менга ҳеч нима керак эмас дейдиганлар ҳам бор.
Уларнинг олдига борадиган ишчи гуруҳимиз психолог бўлиб кетган, улар мажбурланмайди, балки қиладиган ишига ёрдам берилади ёки ҳунарига мос ускуна олиб берилади. Давлат солиқ инспекцияси томонидан бир йилга пул тўлаб ўзини-ўзи банд қилганлик асосида меҳнат стажи ёзилади. Уй-жойида муаммоси бўлса, давлат 25 фоизини тўлаб беради, қолган 25 фоизини ўзи қўшиб имконияти бўлса уй олиши мумкин. Ишчи гуруҳнинг мақсади ҳам шу, бундай фуқароларга ёрдам бериш, мажбурий нарса йўқ бу ерда», — деди ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Миржамол Миралимов.
Маълум қилинишича, 2020 йилда президентнинг тегишли фармонлари билан 512 нафар фуқаро афв этилган. Уларнинг 316 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, 196 нафарининг жазо муддати қисқартирилган, озод этилган 6 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилган.
Мавзуга оид
10:18 / 19.03.2026
Ўзбекистонда 392 нафар шахс афв этилди
19:23 / 28.02.2026
Комил Алламжоновга суиқасд ижрочиларидан бири қамоқхонада вафот этди. У жонига қасд қилгани айтиляпти
15:09 / 07.01.2026
Ишга жойлаштириш бўйича ҳукуматлараро келишувлар сони оширилади
16:54 / 25.12.2025