Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фитна назарияларига ишонадиганлар билан қандай муомала қилиш керак?
Фитна назарияларига ишонадиган дўстларингиз ёки қариндошларингиз билан қандай муомала қилиш керак? Мутахассисларнинг бу борада баъзи тавсиялари мавжуд.
Дейлик, байрам арафасида оила даврасида овқатланиб ўтирибсиз. Шу пайт стол атрофидагилардан бири коронавирусга қарши эмлаш орқали инсон танасига микрочип ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида гап очиб қолди ёки яна кимдир «Коронавирус ўзи йўқ нарса» деб қолди. Бошига тушмагунча одамзод ишонмайди-да. Хўш, бундай вазиятда уларга қандай жавоб қайратиш лозим? BBC шу каби саволларга жавоб излади.
1. Тинчланинг
Гарчи нотўғри фикрларга қарши чиқиш муҳим бўлса-да, агар баҳс жанжалга айланадиган бўлса, ундан ҳеч бир наф ва маъно йўқ. Қолаверса, юқори ҳароратда кечувчи бундай мунозаралар охир-оқибат фитна назарияларини янада мустаҳкамлайди.
Психолог Жован Байфорд фитна назариялари одатда кучли ҳиссий таъсирга эгалигини таъкидлайди: «Фитна назариялари фақат тўғри ва ёки янглиш тушунчалар билангина боғлиқ эмас. Улар дунё ишларига нисбатан бўлган нафрат ва ғазаб билан «суғорилади».
Қолаверса, бу йил эпидемия, АҚШ сиёсати ва дунёдаги бошқа муҳим воқеаларни изоҳлашга эҳтиёж ортгани сабабли фитна назариялари янада кучайиб кетди.

Англия жанубидаги Уайт оролида яшовчи 38 ёшли Кетрин бу ҳолатни бевосита бошдан кечираётганлардан бири. Илгари одамларга зарар етказиш учун вакциналар ишлатилгани ҳақидаги фитна назарияларига ишонган Кетрин бу фикрларни четга суриб қўйди: «Ҳар қандай вазиятда ҳам хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Шуни ёдда тутингки, ким билан суҳбатлашишингиздан қатъи назар, у ҳам худди сиз каби ўз ишонч ва эътиқоди учун жон куйдиради ва уни қабргача ҳимоя қила олишга қодир».
Шифокорларнинг маслаҳатини ҳам унутманг: бақириш коронавируснинг тарқалиш хавфини оширади. Бу эса «паст» овоз билан гаплашиш кераклигига яна бир сабаб.
2. Такаббур бўлманг
«Дўстларингиз ва оилангиз билан кечадиган суҳбатларингизда уларни масхара қилиш ўрнига, уларга нисбатан хайрихоҳлик билан муносабатда бўлинг», дейди дезформация билан курашадиган «First Draft» ташкилоти вакили Клер Вардл.

Вардлнинг қоидаси шу: «Қарашлари учун ҳеч кимни омма олдида уялтирманг. Бу, эҳтимол, тескари натижа бериши мумкин».Психолог Жован Байфорднинг «Агар фитна назариялари ҳақида баҳслашмоқчи бўлсангиз, бошқаларнинг фикрига кибр билан муносабат билдирманг. Умумий тил топишга ҳаракат қилинг» деган гапи ҳам юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайди.
Шуни эсда тутингки, одамларнинг фитна назарияларига ишониш сабаблари кўпинча уларнинг хавотирлари, ташвишлари билан боғлиқ. Ушбу ҳис-туйғуларни тушунишга ҳаракат қилинг, айниқса, 2020 йил ортда қолаётган бир паллада…
3. Танқидий фикрлашга унданг
Фитна назарияларига ишонадиган одамлар кўпинча шундай дейишади: «Мен буни ўзим ўрганиб чиқдим».
Аммо муаммо шундаки, уларнинг тадқиқотлари кўпинча Youtube’даги «шов-шувли» видеоларга, Facebook’даги одамларнинг тасодифий кузатувига ёки Twitter’даги сохта аккаунтларга асосланган бўлади.
Бироқ Байфорднинг фикрича, фитна назарияларида ҳукмронлик қиладиган скептицизм рационал фикрлашнинг калити ҳам бўлиши мумкин: «Фитна назарияларига ишонадиган кўпчилик инсонлар ўзларини соғлом скептиклар ёки ўз-ўзига таълим берувчи тадқиқотчилар деб билишади. Фикрингизни сиз қадрлайдиган ва баҳам кўрадиган нарса сифатида тақдим этинг. Мақсадингиз уларни камроқ шубҳа қиладиган одамга айлантириш эмас. Мақсадингиз улар шубҳа қилаётган нарсаларни ўзгартиришдир».

Айнан ушбу усул Белфастда яшовчи ва 11 сентябр бўйича фитна назарияларининг ашаддий кузатувчиси бўлмиш Филга ёрдам берди: «Кўпинча мен расмий маълумотлардан шубҳаланадиган кўплаб мутахассисларнинг мавжудлигини таъкидлар эдим. Бу мен учун жуда ишонарли туюларди. Ахир, улар нима учун ёлғон гапиришсин, деб ўйлар эдим».
Бироқ кейинчалик Фил ўз шубҳасини нафақат «расмий манбалар»га, балки муқобил экспертларга ҳам йўналтира бошлади. У илмий услубга ва скептикага чуқурроқ ёндашди. Натижада муайян мутахассис ишонган ҳар қандай маълумот ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди, деган тўхтамга келди: «Сиз ҳар қандай фикрни ҳимоя қилувчи мутахассисларни топишингиз мумкин».
Клер Уордл эса фитна назарияларини илгари сураётган одамлар нимага эришмоқчи эканлигига эътиборни қаратишни тавсия қилади: «Масалан, бунинг ортида соғлиқ учун қўшимча препарат сотадиганларнинг молиявий даромади ёки улар эришмоқчи бўлган обрў-эътибор турган бўлиши мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг».
4. Ўртага савол ташланг
Маълумотни тасдиқлаш муҳим, аммо фитна назарияларини эҳтирос билан ҳимоя қиладиганлар қаршисида бу тўғри ёндашув бўлмаслиги мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, саволлар даъво ва иддаолардан кўра самаралироқдир.
«Дезинформация яратувчиларининг тактикасига эътибор қаратиш – бу нотўғри маълумотни йўқ қилишнинг янада самарали усулидир», дейди Клер Вардл.
Одамларни ўзлари ишонган нарсаларини шубҳа остига қўйишга унданг. Масалан, улар ишонч билдирган баъзи маълумотлар бир-бирига зидми? Улар ҳимоя қиладиган назария мантиқий асосга эгами? Улар қарши далиллар мавжудлиги ҳақида ўйлаб кўришганми?
«Саволлар бериш орқали одамларга ўз хатоларини пайқашга имкон берасиз, ишонган нарсаларига нисбатан шубҳа уйғотасиз ва бу билан уларнинг муқобил қарашларни ҳам кўриб чиқишларига ёрдам берган бўласиз», дейди ўтмишда фитна назарияларига ишонган Фил.

5. Натижага тез эришишни кутманг
Эҳтимол, бир яхши суҳбат «ҳақиқатни англаб етиш» лаҳзасини келтириб чиқаради, деб ўйлашингиз мумкиндир. Аммо бу фикрга ишониб қолманг. Чунки фитна назариялари остида қолган одамнинг улардан халос бўлиши учун кўп вақт кетиши мумкин.
«Сиз нимага эришишингиз мумкинлиги ҳақида реалист бўлинг. Фитна назариялари уларга ишонган инсонларда устунлик ҳиссини уйғотади. Бу эса ўзига ўзи қадр-қиммат беришнинг муҳим манбайидир. Шунинг учун ҳам улар ўзгаришларга қарши туришади. Бу одатий ҳол», дейди психолог Жован Байфорд.
Маълумотларни текшириш бўйича ишлайдиган Клер Вардлнинг фикрича, муаммо фақат ички «мен» билангина боғлиқ эмас. Зотан, ортда қолаётган йил кўпчилик учун қўрқинчли бўлди. Бу қўрқув ва хавотирлар эса фитна назарияларининг илдизига сув қуйди.
«Барчанинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетгани ва ҳамма изоҳ излаётганини унутманг. Фитна назариялари, одатда, муайян масалага ойдинлик киритадиган оддий, кучли ҳикоялардан иборат. Ҳақиқат эса мураккаб ва тартибсиздир. Миямизнинг ҳақиқатни қайта ишлаши қийин кечади», дейди Уордл.
Бироқ мутахассислар гарчи тезкор натижага эришмасангиз-да, асло таслим бўлмасликни тавсия қилишади.
Мавзуга оид
18:32 / 08.06.2026
Сунъий интеллект яратган вакцина одамларда муваффақиятли синаб кўрилди
18:24 / 22.05.2026
Эбола янги штаммига қарши вакцина фақат олти-ўн ойдан кейин тайёр бўлади – ЖССТ
13:28 / 10.02.2026
ССВ «коронавирусга қарши вакцина олганлар ҳаёти хавф остидалиги» ҳақидаги хабарга муносабат билдирди
23:53 / 31.01.2026