Ўзбекистон | 17:17 / 29.12.2020
7812
2 дақиқада ўқилади

Иккита гидроэлектростанция янгидан иш бошлади

“Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги ГЭС-9 ва “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги ГЭС-14 янги қувватда иш бошлади. Улар “Ўзбекгидроэнерго” лойиҳалари доирасида модернизация қилинган. 

“Ўзбекгидроэнерго” ахборот хизматига кўра, ГЭС-9 Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, 1943 йилда ишга туширилган. Узоқ йиллар давомидаги эксплуатация натижасида, 75 йилдан ортиқ муддат давомида ГЭСда ўрнатилган электр қурилмалари, технологик ускуналар моддий ва маънавий жиҳатдан эскириб, сўнгги йилларда мазкур ГЭС ўрнатилган қувватларда ишламай қолган. 

Модернизациядан сўнг ГЭСнинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи 95,0 млн.кВт.соатни ташкил этади. Ишлаб чиқариш қуввати қарийб 2 баробарга ошиб, Тошкент шаҳрининг  60-70 мингга яқин аҳоли хонадонларининг электр энергиясига бўлган талаби қопланиши кутилмоқда.

ГЭС-14 Бўзсув каналида Тошкент шаҳридан 15 км узоқда жойлашган бўлиб, 1944 йилда ишга туширилган. Модернизация доирасида станцияда 2007 йилдан бери ишламай келган 1 дона 10,7 МВт қувватли гидроагрегат ўрнига қуввати 7,5 МВтдан, умумий қуввати 15 МВтдан иборат 2 дона гидроагрегат ўрнатилган. ГЭСнинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи 90,7 млн.кВт.соатни ташкил этади. Бу лойиҳа ишга туширилиши натижасида Тошкент вилоятининг 50-60 мингга яқин хонадонларининг электр энергиясига бўлган талабини ГЭС-14 орқали таъминланиши кутилмоқда.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид