Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Унутилган манзиллар: Мадияровул қишлоғида бир кун
Чекка ҳудудлардаги аҳоли яшаш тарзи билан таништирувчи «Қишлоқда бир кун» лойиҳасининг бу сафарги манзили Наманган вилояти Мингбулоқ тумани «Мадияровул» маҳалласи бўлди.
«Мадияровул» маҳалласи Наманган шаҳридан 90 км узоқликда, чўл ҳудудларига туташиб кетган ерда жойлашган. Жийдакапа кўчаси маҳалла марказидан 5 км ичкарида жойлашган бўлиб, биз уйига ташриф буюрган Қобилжон Норйигитов ҳам ўша кўчада истиқомат қилади. Бу овулда 22та хонадон мавжуд. Асосий тирикчилиги чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат бўлган овулликлар ҳаёти билан яқиндан танишдик.

Қобилжон Норйигитовнинг асли касби дурадгорлик. Иссиқ кунларда уй-жой қуриш билан шуғулланади. Қиш фаслида қурилиш ишлари камайган пайтда ишсиз бўлади. Ҳозирда уй ишлари, ўтин ёриш, чорвага қараш билан шуғулланади.


Суҳбат давомида у ёшлигида мактабга 5 км масофадан пиёда қатнагани, ҳозирда ҳам овулда яшовчи болалар мактабга пиёда бориб келиши ҳақида айтди. Ундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктига, дўконга, қўйингки, эҳтиёж учун керак бўлган кўплаб ишлар айнан овулдан 5 км масофа узоқликда амалга оширилади. Унинг устига овулга ҳеч қандай йўловчи такси қатнамайди.

Бундан ташқари, шу масофадан ҳар ҳафта туман марказида бўладиган бозорга бориб келинади.
Маҳаллага аввал ҳам умуман газ келмаган. Ҳозир ҳам, асосан, ўтин билан кун кечиришади.

Қобилжон ака билан овул билан танишиш мақсадида кўчага чиқдик. Йўлда сув ташиб кетаётган болакайларга кўзимиз тушди. Маҳалла аҳлининг айтишича, овулда сув муаммо. Бир дона яхши тозаланмаган қудуқдан сув ташишади. Баъзида ариққа сув келиб қолса, ўшандан ҳам истеъмол қилишади. Бу ерда яшовчилар бир дона бўлса ҳам сув крани чиқариб берилса, хурсанд бўлишарди.

Овулни айланар эканмиз, ҳар бир хонадонда камида бир дона ёки икки-учтадан ит борлигига гувоҳ бўлдик. Овулдаги энг охирги хонадон эгаси Шукурулло Турғунпўлатов эса қушларга, паррандаларга қизиқади.

«Катагимда дакан, япон товуқ, америка товуғи, хашаки турлари бор. Ит боқишимиздан мақсад: овулимиз чўлга туташган. Кечаси тулки, чиябўри ҳатто баъзида бўрилар ҳам ҳайвонларимизга ҳужум қилиши мумкин. Шу сабаб итлар бизнинг қўриқчиларимиз», дейди у.
Овулга туташ қум барханларини тасвирга олар эканмиз, шу атрофда қўй боқиб юрган чўпонга кўзимиз тушди. Яқин бориб, унинг суҳбатини олдик. Чўпон узоқ йиллардан буён шу овулда яшайди.

«Ўзимизда йўқ нарсани сотиб оламиз, картошка, пиёз, сабзи, помидор ўзимиздан чиқади. Сут, қатиқ, қаймоқ ҳам ўзимизда етарли», дейди у.
Кеч кирар экан, маҳалла аҳлининг чорваси даладан қайтишни бошлайди. Кенг далада боқилган, қиш куни бўлса ҳам ерда ўсиб турган ўтни еб сут берадиган сигирнинг сути бошқача бўлади. Cигир соғиш жараёнида иштирок этдик.

Бугун биз коммуникация тармоқлари умуман бўлмаган, ичимлик суви, газ, йўл ва бошқа кўплаб муаммолари билан яшаб келаётган инсонлар билан танишдик. Балки улар узоқ йиллар шу шароитда яшагани учун шу ҳолга кўникишгандир, лекин бу овул аҳлининг ҳам яхши яшашга, болалари мактабга қийналмай боришга, йўли равон бўлишига ҳақлидир. Таъбиримиз бўйича унутилган овулга мутасадди раҳбарларни ҳам таклиф қилиб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов тайёрлади
Мавзуга оид
11:24 / 23.05.2026
Эҳтиётсизлик оқибати: ҳожатхонага тушиб кетган бола қутқарилди
10:25 / 20.05.2026
Наманганда дўл ёғмаслиги учун булутларга таъсир кўрсатилди
11:51 / 21.04.2026
Намангандаги мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди
08:35 / 20.04.2026