Ўзбекистон | 20:34 / 27.02.2021
8693
4 дақиқада ўқилади

ИИВ академиясидаги муаммолар танқид қилинди

Профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнида асосан назарий таълим билан чегараланиб, назария ва амалиётнинг уйғунлиги таъминланмаганлиги оқибатида академия битирувчиларининг амалиётга мослашиб кетиши учун салкам икки йилгача вақт талаб этилмоқда.

Рустам Ҳотамов / Фото: ИИВ академияси

26 февраль куни ИИВ академиясида кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ этиш, таълим сифатини юксалтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда таълим жараёнида айрим профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув машғулотини ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани, ўқитишнинг интерфаол методларини қўллаш, педагогик маҳоратни юксалтириб бориш, ўз устида изланиш ва инновацияга интилиш ўрнига, самарасиз педагогик усул ва воситалардан фойдаланилаётгани танқид қилинган.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Ҳотамовнинг таъкидлашича, академияда курсант ва тингловчиларга ўқитишнинг замонавий методикаларидан фойдаланиб таълим бериш амалиёти тўлиқ йўлга қўйилмаган. Профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнида асосан назарий таълим билан чегараланиб, назария ва амалиётнинг уйғунлиги таъминланмаганлиги оқибатида академия битирувчиларининг амалиётга мослашиб кетиши учун салкам икки йилгача вақт талаб этилмоқда.

«Кафедраларда фаолият юритаётган кўп йиллик педагогик стажга эга айрим ўқитувчилар ҳанузгача илмий-тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланмаган. Қолаверса, курсантларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш, улар билан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш ва фанларга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ташкил этилган курсантлар илмий тўгараклари фаолиятини ҳам қониқарли деб бўлмайди. Натижада курсантларимизнинг республика фан олимпиадаларидаги ютуқлари салмоғи йилдан йилга тушиб кетмоқда», – дея Рустам Ҳотамовдан иқтибос келтирмоқда академия ахборот хизмати.

Таъкидланишича, ҳозир академияда еттита мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, кундузги таълимда ўқиш муддати уч йил этиб белгиланган. Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида малакавий амалиёт муддати 1,5 ойдан 4 ойга узайтирилиб, Тошкент шаҳридаги ҳудудий ички ишлар органларида 17 та кафедра филиаллари ташкил этилган. Бироқ назарий билимларни амалий кўникмалар орқали мустаҳкамлашда ушбу филиаллар имкониятларидан оқилона фойдаланилмагани курсантларнинг етарли иш ўрганиш кўникмаларига эга бўлмасдан хизмат фаолиятига йўл олиши, ишга мослашувчанлигининг секин кечишига сабаб бўлмоқда.

Академия йигирмадан ортиқ халқаро ташкилотлар ҳамда хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро келишувлар асосида ҳамкорлик қилиб келаётган бўлса-да, таҳлиллар мазкур соҳада ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмагани, хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва таълим жараёнига самарали татбиқ этиш борасида етарли даражада фойдаланилмагани, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг етакчи хорижий давлатларнинг турдош ўқув масканларида малака оширишлари тизимли йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда. Шу боис Рустам Ҳотамов халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш асносида профессор-ўқитувчилар, ходимлар, тингловчи ва курсантларнинг педагогик маҳорати, малакаси мунтазам ошириб, мақсадли ўқитиб борилишини маълум қилган.

Академия ахборот хизматининг маълум қилишича, ўқув муассасасида таълим замонавий стандартларга мувофиқ, икки босқичда – бакалавриат ва магистратура асосида йўлга қўйилиши, тингловчи ва курсантларга таълим бериш жараёни тубдан ислоҳ этилиши, назария ва амалиёт уйғунлиги кучайтирилиши, мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлар таркибидан тезкор-тергов гуруҳлари шакллантирилиб, Тошкент шаҳрида содир бўлган оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойда амалиёт ходимлари билан биргаликда ишлаш тизими йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид