Спорт | 18:08 / 13.03.2021
13073
5 дақиқада ўқилади

Англияда Лондон дербиси, Италияда «Милан» Гаттузога қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Ушбу ҳафтанинг дам олиш кунлари Европада бир қатор қизиқарли ўйинлар ўтказилади. Англияда Лондон дербиси кузатилса, Италияда Гаттузонинг «Наполи»си «Милан»га қарши ўйнайди. Қуйида ҳафтанинг эътиборли ўйинлари билан танишинг.

А Серия. 27-тур.

13 март (шанба)

ЖЕНОА – УДИНЕЗЕ

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: FutbolTV

Шанба кунги ўйинлар орасида ўзбекистонлик мухлисларнинг асосий эътибори Италия А Серияси доирасидаги «Женоа» - «Удинезе» баҳсига қаратилади. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов ўйинни асосий таркибда бошлаши кутилмоқда. Турнир жадвалида деярли ёнма-ён – 13 ва 11-ўринларни эгаллаб турган Генуя ва Удине клублари ўртасидаги тўқнашув муросасиз ўтиши аниқ. «Женоа» ўз майдонида кетма-кет 7 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келаётган бўлса, «Удинезе» охирги 4 учрашувда икки ғалаба ва икки дуранг қайд этди. Баллардини жамоаси бу баҳсда асосий рақобатчиларидан бирига яқинлашиб олиш имкониятини қўлдан бой бермасликка интилади.

АПЛ. 29-тур.

14 март (якшанба)

АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: ҒutbolTV/UzReportTV

Жорий мавсумда ҳам ўзига ўхшамаётган Лондон клублари бу турда ўзаро тўқнаш келишади. Ашаддий рақиблар ўртасидаги баҳс жамоаларнинг қайси ўринда бораётганидан қатъи назар ҳар доим муросасиз ўтади. Моуриньо жамоаси сўнгги ўйинларда Гарет Бэйлнинг ниҳоят «уйғонганлиги» сабабли қатор ғалабаларга эришди ва турнир жадвалида «Ливерпуль»дан ўзиб, 45 очко билан 7-ўринга кўтарилди. Микель Артета жамоаси эса Обамеянгнинг фаоллигига қарамай, муҳим очколарни йўқотишда давом этмоқда. Натижада клуб 38 очко билан ўнликда юрибди. Бу сафарги Лондон дербисидаги ғалаба орқали «канонирлар» «тақачилар»га яқинлашиб олиш имкониятига эга бўлади. Акс ҳолда Артета жамоаси ўнликни ҳам тарк этиши, Моуриньо клуби эса бешликка қайтиши мумкин.

АПЛ. 29-тур.

14 март (якшанба)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ВЕСТ ҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 00:15

ТВ-трансляция: ҒutbolTV/UzReportTV

Жесси Лингардни «Манчестер Юнайтед»дан ижарага олган Дэвид Мойес «Вест Ҳэм» билан аллақачон тўртлик учун курашмоқда. Лондон клуби Чемпионлар лигасида қатнашиш мақсадини яширмаяпти. Мойес мураббийлигидаги лондонликлар ушбу турда «Олд Траффорд» меҳмони бўлади. Шотландиялик мутахассис «Манчестер Юнайтед» билан ўйинда ҳам собиқ жамоасига ҳозирги натижалари тасодиф эмаслигини исботлашга уриниши табиий. «МЮ» эса «Манчестер Сити» ва «Милан»га қарши баҳсдан кейин «Вест Ҳэм»дек жисмонан бақувват футболчиларга эга жамоани мағлуб этиши осон бўлмайди. Аксига олиб якшанба оқшомидаги ўйинда Маркус Рэшфорд ва Эдинсон Кавани сингари ҳужумчиларнинг жароҳати сабабли Сульшер жамоасига ёрдам бера олиши сўроқ остида қолмоқда.

А Серия. 27-тур.

14 март (якшанба)

МИЛАН – НАПОЛИ

Ўйин бошланиш вақти: 00:15

ТВ-трансляция: ҒutbolTV/UzReportTV

«Милан» эса Манчестер сафаридан кейин ўз майдонида рақобатчиларидан бири «Наполи»ни қабул қилади. Женнаро Гаттузо ўзи учун қадрдон бўлган «Сан Сиро»да собиқ жамоасига очко улашиш ниятида келаётгани йўқ. «Наполи» Миланга фақат уч очко ва Чемпионлар лигасига йўлланма олиш ҳаракатида келади. Гаттузо жамоаси бир ўйин захирага эга бўлган ҳолда 47 очко билан 6-ўринда бораётган бўлса, Пиоли шогирдлари эса 56 очко билан 2-ўриндан жой олган. «Милан» бу баҳсда ҳам Ибраҳимовичсиз тўп сурса-да, очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Акс ҳолда асосий рақобатчиси «Интер» орқалиқ масофани 6 очкодан яна кўпроққа ошириши эҳтимоли катта.

Бошқа ўйинлар:

13 март (шанба)

Лидс – ЧЕЛСИ (16:30), Вердер – БАВАРИЯ (19:30), РЕАЛ – Эльче (20:15), БОРУССИЯ Д – Ҳерта (22:30), Хетафе – АТЛЕТИКО (01:00), Фулҳэм – МАН.СИТИ (01:00),

14 март (якшанба)

ЛЕСТЕР – Шеффилд (19:00), Торино – ИНТЕР (19:00), Парма – РОМА (19:00), ЛЕЙПЦИГ – Айнтрахт (19:30), МОНАКО – Лилль (21:05), Кальяри – ЮВЕНТУС (22:00), ПСЖ – Нант (01:00).

15 март (душанба)

Вулверҳэмптон – ЛИВЕРПУЛЬ (01:00), БАРСЕЛОНА – Уэска (01:00). 

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид