Ўзбекистон | 11:54 / 06.04.2021
6316
3 дақиқада ўқилади

«Магнит» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади 

«Магнит» (Россия) чакана савдо дўконлари тармоғи Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган «Иннопром» саноат кўргазмасида «Магнит» ширкатининг тижорат харидлари ва ишлаб чиқариш бўйича директори Екатерина Лобанова маълум қилди.

Фото: Виталий Тимкив / ТАСС

«Биз харидорларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга бўлган талаби тобора ортиб бораётганини кўряпмиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шубҳасиз, бизнинг қизиқишимиз марказида бўлиб турибди. Ҳозирнинг ўзидаёқ ўзбек мева-сабзавотларининг бизнинг тармоғимизга импорти ҳажми 40 миллион доллардан ошади. Шунга қарамай, биз ушбу турдаги ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори деб ҳисоблаймиз», деди Лобанова. 

Хусусан, компания 3-4 йил ичида импорт ҳажми тўрт бараварга оширилишини кутмоқда. Екатерина Лобанованинг сўзларига кўра, бунинг учун Ўзбекистонда ваколатхона ташкил этишга қарор қилинди.

«Аввало, ваколатхонанинг вазифаси шериклар билан узоқ муддатли шартномалар тузиш, ўзаро алоқаларни яхшилаш ва очиқ мулоқот қилишдан иборат бўлади. Бундан ташқари, биз учун нафақат узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келаётган шериклар билан муносабатларни сақлаб қолиш, балки ишончли шериклар базасини ривожлантириб, янги имкониятлар ва етказиб берувчиларни излаш ҳам жуда муҳимдир. Сабзавотлар ва мевалар бизни қизиқтираётган ягона йўналиш эмас. Россия бозорига олиб кирилиши мумкин бўлган янги товар ва маҳсулотларни топишга тайёрмиз», деди компания вакили.

Чакана савдо оператори бўлган «Магнит» компанияси йирик саноат ишлаб чиқарувчиси ҳам ҳисобланади. Лобанованинг маълумотига кўра, компания ўтган йилни рекорд кўрсаткич - 300 минг тонна ишлаб чиқарилган маҳсулот билан якунлади. Товарлар орасида асосан қандолат маҳсулотлари, макарон маҳсулотлари, чой, қаҳва ва снэклар бор.

«Бу биз ўзбекистонлик истеъмолчига тақдим этишга тайёр бўлган товарлар тоифаси. Россиялик истеъмолчи «Магнит» дўконларида кўриши мумкин бўлган нархларни Ўзбекистондаги нархлар билан таққосладик ва нарх бўйича биз Ўзбекистондаги эҳтимолий мижозларимизга жуда рақобатбардош позицияларни таклиф қилишимиз мумкинлигини тушундик. Бу бизнес билан кўп йиллар давомида шуғулланиб келяпмиз ҳамда истеъмолчига кўпроқ нима керак эканини биламиз. Ўйлайманки, биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз учун жуда қулай шерикка айланишимиз мумкин», дея сўзини якунлади Лобанова. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид