Жаҳон | 15:57 / 04.05.2021
21816
2 дақиқада ўқилади

Мексикада метро кўприги қулади. Қурбонлар кўп

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, 2017 йилдаги зилзиладан сўнг кўприк конструкциясида учта ёриқ пайдо бўлган.

Фото: REUTERS

Мексика пойтахти Мехико шаҳрида 12-метро йўлидаги кўприк қулаши оқибатида 23 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб кишилар жароҳатланди, деб хабар берди BBC.

Хабарда айтилишича, ҳодиса Мехико жануби-шарқида, Оливос ва Тесонко станциялари ҳудудида содир бўлган. 65 киши шифохонага ётқизилган.

Фото: Pedro Pardo / AFP / Scanpix / LETA

Мехико мэри Клаудия Шейнбаум қурбонлар орасида болалар ҳам борлигини хабар қилди. Унинг қўшимча қилишича, жароҳатланганларнинг етти нафари оғир аҳволда. Қурбон бўлганлар сони ошиши мумкин, чунки айримлар вайроналар остида қолган.

Мексика ички ишлар вазири Алфонсо Суарес Дел Реалнинг маълумот беришича, маҳаллий вақт билан соат 22:25да поезднинг иккита вагони кўприкдан пастга қулаган.

Поезднинг қолган қисмлари ҳам пастга қулаши хавфи сабабли қутқарув ишлари тўхтатилган. 

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, 2017 йилдаги зилзиладан сўнг аҳоли кўприк конструкциясида учта ёриқ пайдо бўлгани ҳақида хабар қилган. El Universal газетасининг хабарига кўра, шундан сўнг кўприкда таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Мехико метроси дунёдаги энг йирик тезюрар транспорт тизимларидан бири бўлиб, йилига 1,6 млрд нафарга яқин йўловчи ташийди. 

Ўтган йил мартида Мехико метросида икки поезд тўқнашиши натижасида бир киши ҳалок бўлган ва 40 киши жароҳат олганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид