Жаҳон | 23:27 / 26.08.2021
4690
2 дақиқада ўқилади

Франция элчихонасининг барча ходимлари яқин кунларда Кобулни тарк этишади

Фото: Reuters

Афғонистондаги кескин вазият Франция элчихонасининг барча ходимларини тез кунларда Кобулдан эвакуация қилишни талаб қилади, деди Франция президенти Эммануэл Макрон 26 августда Дублинда Ирландияга ташрифи вақтида бош вазир Михол Мартин билан қўшма матбуот анжуманида.

“Келгуси соатлар, Кобул аэропортида ва яқинида бўлганлар учун хавфлидир. Ҳозирда Франция элчиси, элчихона ходимлари, бошқа французлар, шунингдек, махсус кучларнинг француз ҳарбийлари аэропорт ҳудудидалар. Улар АҚШ томонидан тақдим этиладиган ва Франция томонидан амалга ошириладиган охирги рейслар билан Афғонистонни тарк этишади”, деди Франция раҳбари.

Франция президентининг қўшимча қилишича, Франция ҳали ҳам “юзлаб афғонларни” эвакуация қилишга ҳаракат қилади.

Матбуот анжуманида у элчихонанинг бўлажак фаолияти ҳақида фикр билдирди. “Франция элчиси Афғонистонда қолмайди. У ўз жамоаси билан Париждан туриб ишлайди”, деди Макрон. Унинг таъкидлашича, Франциянинг Афғонистондаги элчихонаси “амалда” ўз ишини давом эттиради.

“Бунинг сабаби, биз ҳозирги ҳукмронлик қилаётган тизимни тан олмаймиз, лекин биз мамлакатни тан оламиз ва у билан ишлашда давом этамиз. Элчи ўз вазифаларини сақлаб қолади, лекин хавфсизлик нуқтайи назаридан у Париждан ҳаракат қилади”, дея тушунтирди Макрон. У “бу ҳолат керак бўлгунча давом этади”, деб қўшимча қилди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид