Жаҳон | 13:04 / 23.10.2021
4262
1 дақиқада ўқилади

АҚШ афғон қочқинларига ёрдам бериш учун қарийб 1 млрд доллар ажратади

АҚШ Афғонистондан келган қочқинлар ва муҳожирларнинг кутилмаган шошилинч эҳтиёжларини қондириш ва қўшимча равишда бошқа жойга кўчиришга 976,1 миллион долларгача маблағ сарфлайди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден афғон фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун Қочқинлар ва муҳожирларга фавқулодда ёрдам жамғармасидан 976,1 миллион долларгача маблағ сарфлашга рухсат берди. Бу ҳақда АҚШ президентининг Давлат котиби Энтони Блинкен номига йўлланган меморандумида маълум қилинган.

Ушбу маблағлар Афғонистондан келган қочқинлар ва муҳожирларнинг кутилмаган шошилинч эҳтиёжларини қондиришга, шунингдек, Афғонистонда хавф остида бўлган шахсларни қўшимча равишда бошқа жойга кўчиришга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Байден шунга ўхшаш меморандумларни июль (100 миллион доллар) ва август ойлари охирида (500 миллион доллар) ҳам имзолаган эди.

The Washington Post газетасининг ёзишича, 17 августдан буён Америка қўшинларига турли ёрдам берган 60 мингдан ортиқ афғонистонлик эвакуация қилинган. Кейинчалик бу жараён тўхтатилганди, аммо 7 октябрь куни АҚШ ҳукумати Афғонистон фуқароларини АҚШга эвакуация қилиш қайта тикланганини маълум қилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид