Ўзбекистон | 10:05 / 20.12.2021
16015
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда янги йил тадбирлари билан боғлиқ айрим чекловлар жорий қилинмоқда

Болалар хавфсизлиги ҳамда турли пул йиғимларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мактабларида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ айрим чекловлар жорий қилинмоқда.

Фото: Kun.uz

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ҳамда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан 2021 йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан, вазирлик томонидан умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар тақиқланганини маълум қилади:

  • юқори синф ўқувчилари иштирокида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳар қандай тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш;
  • байрам билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли ҳил ноқонуний пул йиғимларини амалга ошириш;
  • мактаб фойеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш (ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар бундан мустасно).

Истисно тариқасида бошланғич синф ўқувчиларига синф раҳбари ҳамда ота-оналар иштирокида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ўз синф хоналарида, дарс машғулотларига халақит бермаган ҳолда байрам тадбирларини ўтказиш ҳамда мактаб ҳовлисида Янги йил арчасини безатишга рухсат берилади.

Бундан олдинроқ, Республика махсус комиссияси йиғилишида Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва мамлакат ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиблар белгиланган, хусусан, янги йилда корпоратив тадбирлар ўтказиш тақиқланганди.

UPD: Умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар йўқ

Вазирлик мактабларда янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ хабарномага қўшимча изоҳ берди.

«Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларига Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш билан боғлиқ чеклов юзасидан тегишли хати нотўғри талқин қилинганини маълум қиламиз.

Умумтаълим мактаблари ҳудудида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини билдирамиз.

Шу билан бирга мактабларда пул йиғимлари ҳамда ота-оналарнинг эътирозларини олдини олиш мақсадида ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида мактаб ўқувчиларига Янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди.

Республика махсус комиссиясининг турли хил корпоратив байрам ва кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ тақиқлар вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига тадбиқ этилганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид