Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия самолётлари санкциялар туфайли яроқсизга айланди: энди нима бўлади?
Бермуд ороллари фуқаролик авиацияси бошқармаси Россия самолётларининг парвозга яроқлилик сертификатларини тўхтатиб қўйди. Бу энди қандай оқибатларга олиб келади?
Қайд этиш керак, Россия Федерацияси авиакомпанияларининг аксарият самолётлари Бермуд оролларида рўйхатдан ўтказилган. Россия авиакомпанияларидаги аксарият Boeing, Airbus ва Bombardier самолётларининг рақами Бермуд оролларига тегишли VP-B ва VQ-B коди билан бошланади.
Бермуд ороллари фуқаролик авиацияси бошқармаси баёнотига кўра, Россияга қарши жорий этилган санкциялар РФ авиация ҳукуматининг самолётлар хавфсизлигини таъминлаш қобилиятига салбий таъсир ўтказади. Бермуд ороллари реестрида бўлган (VP-B ва VQ-B коди билан бошланадиган) ҳаво кемалари энди парвоз учун яроқли ҳисобланмайди.
Негалигини бироз тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Айни пайтда хорижда — Бермуд ороллари ва Ирландияда Россия авиакомпаниялари томонидан фойдаланилаётган 800 дан ортиқ хорижда ишлаб чиқарилган самолётлар қайддан ўтказилган. Россиянинг ўзида рўйхатдан ўтказилган хорижда ишлаб чиқарилган самолётлар сони 20 та.
Бу усулдан жуда кўп давлатлар фойдаланади. Масалан, Қозоғистоннинг Air Astana ва Fly Arystan авиакомпаниялари самолётлари Арубада рўйхатга олинган P4 коди билан бошланувчи ёки Ирландиянинг EI кодига эга самолётлардан фойдаланади. Қозоқ авиакомпанияларининг Россияга парвозларни бас қилишининг сабабини ҳам шу ердан ахтариш керак.
Қозоғистоннинг коди UP ҳарфлари билан бошланади ва фақат Qazaq air авиакомпанияси барча самолётларни ўзларида рўйхатдан ўтказган.
Таққослаш учун: Ўзбекистоннинг Uzbekistan Airways ва Qanot Sharq авиакомпаниялари Ўзбекистоннинг ўзида рўйхатга олинган ва UK кодига эга самолётлардан фойдаланади.
Россиялик олигархлар ўзларига тегишли бизнес жетларни Мэн оролида рўйхатдан ўтказишган. Олигарх Алишер Усмоновга тегишли A-340 Bourkhan самолёти ҳам Мэн оролида рўйхатга олинган ва M-IABU кодига эга.
Юзага келган вазиятда Россия транспорт вазирлиги самолётларнинг парвозга яроқлилик сертификатларини Бермуд оролларидан келган қарорга қарамасдан, 2022 йилнинг 1 сентябригача узайтирди. Яъни самолётларнинг катта қисми энди ҳақиқий бўлмаган парвозга яроқлилик сертификати билан учади. Аслида, ҳаво кемаси командири ҳақиқий сертификатсиз парвоз қилишга ҳақли эмас. Аммо Россияда, табиийки, бунга кўз юмишмоқчи, — деб ёзади рус блогери Иля Варламов.
Парвозга яроқлилик сертификати — ҳаво кемасининг учиш имкониятини таъминловчи асосий ҳужжатлардан биридир. Сертификат самолёт рўйхатдан ўтган мамлакат томонидан берилади. Агар ўша давлат ICAO (Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти) аъзоси бўлса, сертификат бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинади.
ICAO эса ўз навбатида давлатларнинг авиация ҳукуматини аудитдан ўтказиб туради ва улар томонидан берилган ҳужжатлар жаҳон талабларига мослиги ва уларни тан олиш мумкинлигини тасдиқлайди.
Россия авиакомпаниялари лизингга олинган самолётларни Россия реестрига қўймасликни афзал билишган: чунки Россия байроғи остида парвоз қилган бортларни иккиламчи бозорда сотишда уларга ишонч камроқ бўлади. Бу жаҳонда Россия авиация ҳукумати ва улар техник хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилишни етарли тарзда назорат қилишига жаҳонда ишонч камлиги билан тушунтирилади.
Фақатгина Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган Ил, Ту, Sukhoi SuperJet 100 каби самолётлар Россия реестрида рўйхатга қўйилган ва Россияга тегишли RA кодига эга.
Бироқ, ICAO’нинг 83 bis келишувида, ҳаво кемасининг қайддан ўтказган давлат самолётдан фойдаланаётган давлатга парвозга яроқлилик сертификатини чўзиш бўйича ваколатларнинг бир қисмини бериши мумкинлиги қайд этилган. Россиянинг «Аэрофлот», S7, Ural airlines, Rossia каби йирик авиакомпанияларига нисбатан ҳам шу йўлни тутишган: Бермуд ороллари Росавиацияга парвозга яроқлиликни назорат қилиш топширилган.
Санкциялар туфайли рўйхатдан ўтказган мамлакат (Бермуд ороллари) Россияда самолётларга техник хизмат кўрсатиш барча талабларга жавоб беришига жавоб бера олмаймиз, демоқчи бўлган. Шу сабабли самолётларнинг парвозга яроқлилик сертификатлари чақириб олинган ва энди улар жаҳон бўйлаб ҳақиқий ҳисобланмайди.
Россия эса ўз навбатида аввал берилган сертификатларнинг барчаси узайтирилгани ҳақида ҳукумат қарорини қабул қилди. Мамлакат ичида улар расман амалда ҳисобланади.
Халқаро қонунчилик у ёқда турсин, ҳаттоки Россия қонунчилигига кўра бу самолётларни эксплуатация қилишга доир барча қоидаларни батамом бузиш ҳисобланади. Россия Федерацияси Ҳаво кодексида ва Федерал авация қоидаларида аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган: ҳаво кемаси командири самолёт ҳужжатлари ичида амалда бўлган сертификат борлигига амин бўлиши шарт.
Ҳозир Россияда учувчилар ҳуқуқий вакуумга тушиб қолишди. Бир томондан сертификат самолёт бортида бор, командир янгиликларни кузатиб боришга мажбур эмас ва Бермуд ороллари сертификатни чақириб олганидан бехабар бўлиши мумкин. У шартли амалдаги ҳужжатга кўз югуртиради, сертификатни узайтириш ҳақидаги ҳукумат қарори борлигини билади ва парвоз қилиш ҳақида қарор қабул қилади.
Бошқа томондан, ҳар қандай суд Бермуд ороллари сертификатни чақириб олганидан ҳаво кемаси командири хабардор бўлганини осонгина исботлай олади. Бироқ учувчи халқаро ҳужжатлар бўйича эмас, уларга зид келувчи Россиянинг ички ҳужжатларига таяниб парвоз қилиш учун қарор қилгани маълум бўлади.
Бу вазиятда учувчилар ўзларини қандай тутишлари кераклиги мутлақо тушунарсиз. Эҳтимол, улардан кимдир бу ҳақда умуман ўйламаётгандир ҳам. Кимдир бирор кор-ҳол рўй берадиган бўлса, уни Россия қутқариб қолади, деб ўйлар. Бошқалари эса парвозлардан бош торта бошлайди.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
18:06 / 08.06.2026