Жаҳонда номаълум турдаги гепатит тарқалмоқда. ССВ янги вирус Ўзбекистонда қайд этилмаганини маълум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотига кўра, апрел ойи бошидан буён 11та давлатда болалар орасида номаълум турдаги гепатитга чалиниш билан боғлиқ 169 та ҳолат қайд этилган, бир бола вафот этган.
ЖССТнинг маълум қилишича, касаллик аниқланган 16 ёшгача бўлган болаларда бирорта ҳолатда ҳам ўткир кечувчи гепатитни чақирувчи вируслар (А, В, С, D ва E турлари) аниқланмаган. Яъни бу вирус ноанъанавий ва ҳали ўрганилмаган. Айрим беморлар ҳатто жигар трансплантациясига муҳтож бўлиб қолган.
Kun.uz янги касаллик бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланди.
“Бу касаллик ҳақида ахборот оляпмиз, ЖССТ билан алоқадамиз. Расман таъкидлайман – гепатитнинг янги тури Ўзбекистонда қайд этилгани йўқ. Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, коронавирус пандемияси даврида аҳоли орасида гигиена қоидаларига жиддий эътибор берилгани сабабли қатор юқумли касалликлар, жумладан гепатит тарқалиши пасайишига эришилди. Аммо бу назоратни сусайтириш керак, дегани эмас. Гепатит профилактикаси йил давомида ва мунтазам олиб борилиши шарт. Янги тур кириб келмасин, деган ниятдамиз, албатта. Агар қайд этилса ҳам, бу ҳақда дарҳол хабар берилади”, – деди Фурқат Санаев.
Маълумот учун, гепатитнинг янги тури 1 ойликдан 16 ёшгача бўлган болаларда аниқланган. Касаллик оқибатида бир нафар бола вафот этган, 17 нафарига жигар кўчириб ўтказилиши талаб қилинган.
Энг кўп ҳолатлар Буюк Британияга тўғри келади (114), 13 нафар бола Испания, 12 нафар Исроилда, тўққиз нафар АҚШда ушбу хасталикка чалинган.
Шунингдек, Ирландия (5), Нидерландия ва Италия (4тадан), Норвегия ва Франция (2тадан) ҳамда Руминия ва Белгияда (1тадан) номаълум турдаги гепатитга чалиниш ҳолатлари аниқланган.
ЖССТга кўра, бирорта ҳам ҳолатда ўткир тусли гепатитни чақирувчи вируслар (А, В, С, D ва E гепатити вируслари) аниқланмаган.
Дастлабки ҳолатлар апрел бошларида қайд этилган. 5 апрелга келиб, Шотландияда ўн ёшдан кичик болалар орасида ўндан ортиқ касалланиш ҳолатлари аниқланган.
Мавзуга оид
00:28 / 19.09.2024
Дунёда бир ой ичида қарийб 50 минг кишида вабо аниқланди
13:54 / 18.09.2024
Коронавируснинг янги варианти ХЕC тарқалмоқда: у олдингиларидан қандай фарқ қилади?
19:53 / 16.09.2024
Ўзбекистон АҚШ билан божхона соҳасидаги ҳамкорликка оид битимни имзолади
21:15 / 13.09.2024