Спорт | 14:14 / 05.05.2022
38944
11 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ. «Роботлар» ҳам эплолмади, «Реал» – иккинчи финалчи

Дунёнинг энг нуфузли мусобақаcи бўлмиш Европа Чемпионлар Лигасида иккинчи финалчи ҳам аниқланди. Биринчи ўйинда ва иккинчи ўйиннинг 90 дақиқаси давомида ҳисобда ортда борган Испаниянинг «Реал» жамоаси яна қаҳрамонлик кўрсатиб, «Манчестер Сити» тўсиғидан ўтди ва финалга йўл олди.

Фото: Getty Images

Асосий вақтни мукаммал ўтказган «роботлар»

«Реал» ЕЧЛда ҳар қанча тарихга эга бўлмасин бу ўйинда «Манчестер Сити»нинг имконияти яхшироқ эди. Чунки биринчи ўйинда Гвардиола жамоаси нафақат 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган, балки барча жабҳада «Реал»дан устун эканини исботлаганди. Мадридда ҳам «Сити» довдираб қолмади ва юқори прессинг билан яна «Реал»га имкон бермади. 90 дақиқа давомида тўпни назорат қилиш ва вазиятлар яратиш бўйича манчестерликлар устунлик қилди, «Реал» ҳатто аниқ зарба бера олмади. Куртуа эса шунчалик кўп сейв амалга оширдики, охир-оқибат бутун ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шунинг ўзи инглизлар қанчалик зўр ўйнаганидан далолат.

«Манчестер Сити»нинг жуда кўп ҳужумлари самара беравермагач, Гвардиола иккита захира билан ҳужумни тезлаштирадиган чизиқларни янгилашга қарор қилди. Мураббий 72-дақиқада жароҳат олган ва хатоларга йўл қўя бошлаган Кайл Уокерни алмаштиришга мажбур бўлди. Унинг ўрнини украиналик Зинченко эгаллаб, чап қанотга ўтди. Ўйинни жуда яхши ўтказган Жоао Канселу эса ўнг қанотга ўтди. Майдон марказида ҳужумларни кутилганидек ривожлантира олмаган Де Брюйне ўрнини эса Илкай Гюндўған эгаллади.

Бу икки захирадан тушган футболчилар ўзига тўп теккан илк эпизоддаёқ самарали ҳаракатни амалга оширди. Зинченко қанотда тўпни эгаллаб Гюндўғанга аниқ узатди. Турк эса марказдан катта тезлик олаётган Бернарду Силванинг йўналишига тўпни ташлаб берди. Майдондаги энг тезкор футболчилардан бўлган Силва эса бутун «Реал» ҳимоясини довдиратиб, жарима майдончаси яқинигача тўпни ҳеч кимга оширмай борди ва ҳеч ким кутмаган вариантни танлаб, қанотда очилган Риёд Маҳрезга тўпни ташлаб берди. Бир неча дақиқа аввал Гвардиоладан дакки эшитган жазоирлик футболчи эса мукаммал зарбаси билан яқин бурчакни нишонга олди – 0:1.

Голдан кейин ҳам инглизлар ҳужумни тўхтатмади. Яна бир захирадан тушган футболчи, 8 йил аввал «Реал»ни алқаб ёзган твитлари роса гапирилган Жек Грилиш Мадрид ҳимоячилари ва Куртуани ҳам алдаб, тўпни дарвозага тепди. Аммо ҳимоячи қайтарган тўпга Фоден ета олмай, голли вазият голга айланмади.

Яна Бензема катта саҳнада

Гвардиоладан 5 дақиқа аввал Анчелотти битта ўзгариш қилгандики, у бутун яримфинал тақдирини ўзгартириб юборди. Бразилиялик Родриго Крооснинг ўрнига майдонга тушиб, ҳужумда фойдаси тегмаган Вальверденинг ўрнини эгаллади. 90-дақиқада «Реал» бутун мавсум давомида қилган ишини такрорлади – футбол мўъжизасини кўрсатди. Карим Бензема жарима майдончасига ноқулай узатилган тўпни шундай қулай қилиб Родригога ташлаб бердики, буни кутмаган Эдерсон нима қилишини ўйлагунча бразилиялик вундеркинд тўпни дарвозага киритиб бўлганди. Ҳа, бу гал ҳам мавсумнинг энг зўр футболчиси бўлаётган Карим Бензема «Реал»ни ўйинга қайтарди.

Инглизларни бу натижа ҳам қаноатлантирарди, аммо улар бу ҳақда ўйлашга ҳам улгурмай Родриго кичик жуссаси билан «Сити»нинг бўйи баланд футболчиларини ортда қолдириб, Карвахалнинг узатмасини бош билан голга айлантирди – 2:1. «Реал» яримфиналнинг 3 та бўлимида ёмон ўйнаган бўлса-да, мана шу 2 дақиқа ичида ҳаммасини ўз ўрнига туширди. Анчелотти жамоаси футболда ҳиссиётлар ҳар қандай тактика ва прессингдан кучли эканини бу мавсумнинг ўзида камида учинчи марта исботлашди.

Меҳмондаги гол қоидаси бекор қилингач, 2:1 ҳисоби мувозанатни тиклади ва ҳакам жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф қилди. 90 дақиқа зўр ўйнаб, 2 дақиқада руҳий жиҳатдан синган «Манчестер Сити» қолганига ҳеч нарса қилолмаслиги деярли аниқ эди. Қўшимча бўлимларда битта жиддий интрига қолганди – мавсум қаҳрамони Бензема гол урадими, деган. Бензема гол урди. Ўзи пенальти ишлади ва ўзи голга айлантирди. Қўшимча вақтни ҳисобламаса, «Реал» 90, 91 ва 95-дақиқада учта гол урди. Натижада Гвардиоланинг «роботлашган» мукаммал жамоаси яна бир мавсумни бой берди. Ахир бу жамоа ЕЧЛни ютиш учун тузилган. Бироқ миллиардерларнинг катта пуллари эвазига тузилган энг мукаммал лойиҳа бўлмиш «Сити» ҳам дунёнинг энг зўр мусобақасини ҳамон юта олмаяпти.

Бир қарашда «Реал» учун мавсум унчалик яхши ўтмаётгандек эди. Ҳатто Анчелотти кетиши, Зидан навбатдаги марта қайтиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Ла Лига доирасидаги «Барселона»га қарши ўйинда эса «Реал» жуда бечораҳол кўринди. Айнан ўша ўйинда Хави жамоаси «Реал»нинг барча камчиликларини кўрсатиб берган экан ва айнан класикодан кейин «Реал» яхшироқ ўйнай бошлади.

ЕЧЛда «Реал»ни тўхтатишга аввалига таркибида Месси бўлса ҳам мантиқсиз футбол кўрсатаётган «ПСЖ» ҳаракат қилди. Мбаппенинг супер ўйини эвазига, Месси пенальтидан гол уролмаганига қарамай, бошланишига буни уддалаётганди ҳам. Аммо жавоб ўйинида Бензема катта саҳнага чиқиб юлдузлар жамоасини сочиб юборди. Кейин «Челси» биринчи ўйинда енгилган бўлса-да, «Реал»ни маҳв этишига бир баҳя қолди. Аммо Модрич ва Бензема бу ўйиндан ҳам ғалаба билан чиқиб кетишди. Европада энг зўр жамоадек кўринаётган «Сити» ҳам иродали «Реал» олдида ожиз қолди.

Анчелотти жамоасининг бу мавсумдаги ўйинидан кейин камбэк деганда «МЮ»ни тилга олиш энди адолатсизлик бўлади. Ҳа, «Камп Ноу»даги «Бавария»га қарши финалда даҳшатли камбэк қайд этилган, аммо «Реал» бу мавсумнинг ўзида бундай камбэкларнинг камида учтасини қайд этди. Яна ЕЧЛ плей-оффларида.

Бу кетишда «Реал»ни ҳеч ким юта олмайдигандек кўринмоқда. Финалда эса Анчелотти жамоасини «Ливерпуль» кутмоқда. 4 йил олдинги ЕЧЛ финалида «Реал»га Кариуснинг шармандали хатолари билан мағлуб бўлган, ҳимояси заиф ва Рамоснинг қўполлиги сабаб ўйиндан чиқарилган Салоҳсиз ўйнаган жамоа. Ўшанда АПЛни 30 йиллаб юта олмаслик босими сабаб иродасиз жамоалар қаторида турган «Ливерпуль» кейинчалик АПЛни ҳам, ЕЧЛни ҳам ютди. Натижада Клопп жамоасида музаффарлик характери пайдо бўлди. Бугунги «Ливерпуль» дарвозаси ва ҳимояси ҳавас қилгулик ҳолатда, ҳужумдаги ротация имконияти жуда кенг.

Инглизлар финалга тайёрланиш учун жуда кам вақтга эга бўлади, чунки Клопп жамоаси АПЛ чемпионлик пойгасига «Сити»дан 1 очко ортда қолмоқда. Бу эса кураш охирги тургача давом этади, дегани. «Реал» эса чемпионликни ҳал қилиб бўлган. «Ливерпуль» етакчиси Муҳаммад Салоҳ ЕЧЛ финалида «Реал» билан ўйнашни исташини айтганди. Тундаги ўйиндан кейин эса мисрлик суперюлдуз «Реал» билан ўйинда жароҳат сабаб ўйинни йиғлаб тарк этаётгани тасвирланган суратини жойлаб, «Ҳисоб-китобимиз бор» деб ёзди. Хуллас, финалда «Реал»га мавсумдаги энг қийин рақиби – қасоскор «Ливерпуль» дуч келади. Бироқ Салоҳ ва жамоасида мотивация ҳар қанча юқори бўлмасин финалда фақат бир жамоанинг ғалабаси сенсация бўлади – «Ливерпуль»нинг. Ҳозирча эса «Реал»ни ЕЧЛда мағлуб этиш формуласи йўқдек кўринмоқда.

ЕЧЛ. 1/2 финал. Жавоб ўйини

Реал – Манчестер Сити 3:1

4 май, «Сантьяго Бернабеу»

Голлар: Родриго (90, 90+1), Бензема (95, пенальти) – Маҳрез (73).

Реал: Куртуа, Карвахал, Начо, Милитао (Вальехо, 115), Менди, Модрич (Камавинга, 75), Кроос (Родриго, 68), Каземиро (Асенсио, 75), Вальверде, Бензема (Себальос, 104), Винисиус (Васкес, 115). 

Манчестер Сити: Эдерсон, Уокер (Зинченко, 72), Лапорт, Диаш, Канселу, де Брюйне (Гундўған, 72), Силва, Родри (Стерлинг, 99), Фоден, Маҳрез (Фернандиньо, 85), Жезус (Грилиш, 78).

Огоҳлантиришлар: Лапорт (9), Модрич (9), Карвахаль (65), Милитао (84), Вальверде (90+6), Стерлинг (101), Зинченко (113).

Биринчи ўйин – 3:4.

P.S.

Ўйин тугаши билан Kun.uz колумнисти Қаҳрамон Асланов қуйидаги постни ўз каналида ёзиб қолдирди:

Футболга VARни киритиш осон бўлмаган. Гап фақат бу ўйинни ўйлаб топган инглизларнинг ўта консерваторлигидан эмасди. Футболнинг жамоавий спорт ичида оммавийлигининг асосий омили атрибутларнинг кам бўлишида ҳамдир – ҳоккей каби ҳар биримизга клюшка шартмас, баскетбол ёки волейбол майдонини қуриш қийинроқ ва ҳоказо.

Шунинг учун ҳам футболни ҳамма ўйнайди. Жаҳон чемпионати финали ва Англиядаги 7-лига ўйини шаклан фарқ қилмаслиги ўта муҳим. Аммо барча соҳалар сингари футбол ҳам ўсиб боради, тараққийлашади, асосийси илм кириб келади. Футбол ҳам қайсидир маънода ўйиндан фанга яқинлашиб бораверади: майдондаги баҳсдан ҳам кўра турли чизмалар, схемалар, лойиҳалар, тактикалар кўпроқ гапирилади – планшетлар даври.

«Реал» эса, гўёки мана шундай замонда, бир пайтлар футболга бегона бўлган атрибутлар қаршисида ҳақиқий футболни ҳимоя қилаётган қаҳрамонга ўхшайди. Ростдан ҳам.

Агар «Сити» ютганида, мутахассислар унинг ниманинг ҳисобига ютганини тушунтириб бера олишарди. Чизмалар, схемалар, стрелкалар ёрдамида. Балки тушунмасдим, ҳа, футбол мураккаб фан дердим, тўқсон дақиқа футбол томоша қилиб, ҳеч нарсани тушунмаган томошабин роли у қадар қониқарли бўлмаса-да, мажбур қабул қилардим – футбол ҳозир шунақа. Мен ёшлигимда ўйнаган футболдан қанчалик узоқ афсуски.

Аммо «Реал»нинг ғалабасини осон тушунаман. Кимдир тез югурди, кимдир яхши тепди, кимдир зўр сакради, кимдирни йиқитишди. У вақт чўзди, бу довдиради, униси чарчаб қолди ва ҳоказо. Нақадар зўр, нақадар ажойиб ўйин бу футбол. Болалигимдаги севимли ўйиннинг ўзгинаси.

Раҳмат, «Реал» Мадрид!

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид