Ўзбекистон | 10:28 / 13.05.2022
4566
2 дақиқада ўқилади

108та маданий мерос объектида 146та ноқонуний қурилма аниқланди

Фото: KUN.UZ

Ўтказилган назорат тадбирларида республика бўйича жами 108та маданий мерос объектида 146та ноқонуний қурилма қурилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Тадбирлар натижаси бўйича маданий мерос объектлари ҳудудида қурилган 7та ноқонуний қурилма буздирилган.

Жумладан, Сурхондарёда “Зартепа” (I-V асрлар), “Карвонтушди” (I-VI), “Исмоилтепа” (I-VIII) ва “Мангузартепа” (I-IV), Қашқадарёда “Тўрткўлтепа” (I-VI) археология объекти, Хоразмда “Қибла тозабоғ” (ХIХ) архитектура ёдгорлиги ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар буздирилди.

Қайд этилишича, 71та объектда қурилган 76та ноқонуний қурилмани буздириш юзасидан мутасадди идоралар томонидан ёзма кўрсатмалар берилган.

Бундан ташқари, 44та маданий мерос объектидаги 63та ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.

Хусусан, Термиз туманида жойлашган “Мангузартепа” археология ёдгорлиги (I-IV аср) устига уяли алоқа оператори томонидан ноқонуний ўрнатилган антенна қурилмаларини буздириш бўйича судга даъво аризаси киритилди.

Таъкидланишича, ноқонуний қурилма қурган 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид