Ўзбекистон | 08:45 / 02.06.2022
2122
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача Навоийда 200га яқин “дом” таъмирланади

Жорий йилда “Навоий кон металлургия комбинати” АЖнинг 35,2 млрд сўм маблағи ҳисобидан Навоий шаҳридаги 161 та кўп қаватли уйни таъмирлаш ҳамда авария ҳолатида бўлган 1 та уйни реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов маълум қилди.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси

Коммунал соҳада амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган вазифаларга бағишланган матбуот анжуманида таъкидланишича, 2022 йилда Навоий вилоятидаги кўп қаватли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича мулкдорлар, республика бюджети ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 14,1 млрд сўм маблағ ажратилган.

Тасдиқланган манзилли дастурга асосан 37 та кўп қаватли уйнинг том қисми, 84 та кириш йўлаклари, 123 та электр тақсимловчи шитлар, 92 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 60 та уйнинг ички қисмидаги муҳандислик тармоқлари ва 54 та уйнинг фасад қисми таъмирланади. “Навоий кон металлургия комбинати” АЖнинг 35,2 млрд сўм маблағи ҳисобидан эса Навоий шаҳридаги 161 та кўп қаватли уй таъмирланиб, авария ҳолатида бўлган 1 та уй реконструкция қилинади. 

Кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш бўйича 11 та болалар майдончасини қуриш ва таъмирлаш,

58 дона ташқи ёритиш мосламаларини ўрнатиш ҳамда 9 та умумфойдаланиш ҳожатхоналарини қуриш ҳам режалаштирилмоқда. Шунингдек, 35 дона лифт янгисига алмаштирилади, 10,5 км иссиқлик, 1,8 км ичимлик суви тармоқлари ва 1 та қозонхона мукаммал таъмирдан чиқарилади.     

Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда 31 та бошқарув сервис компаниялари ҳамда 33 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолият юритиб келмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид