Ўзбекистон | 08:58 / 13.07.2022
73199
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда хиёнатда гумонланган аёлни эри ва унинг қариндошлари “самосуд” қилди. Аёл қўл-оёқлари боғланиб, қамчи билан калтакланган

Хиёнатда гумон қилинган аёл эри ва унинг ака-укалари томонидан аёвсиз калтакланди. Тўрт эркак бир бўлиб аёлнинг қўл-оёқларини боғлаб, сочларини олиб ташлаган, сўнг дўппослаб, қамчилашган.

2022 йил 9 июл куни соат 23-30 ларда Яккабоғ тумани, “Янгиҳаёт” МФЙда яшовчи ака-укалар келинининг шу маҳаллада яшовчи эркак билан ишқий муносабатда бўлиб юрганидан хабар топиб, ғазаб устида аёлнинг оёқ-қўлини боғлаб, сочини кесиб ташлаган.

Сўнг уни дўппослаб, танасининг турли қисмларига қамчи билан муттасил равишда уриб, қийнаб, жисмоний азоб беришган. Оқибатда аёл шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, Самарқандда аёл ва унинг ўғли ер талашиб бошқа бир аёлни дўппослашганди. Шунингдек, Кўкдала туманидаги деҳқон бозори олдида турган машинадан пул ўғирлаган шахс «самосуд» қилинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид