Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда икки нафар йўловчи вафот этди
Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 11 июль куни соат 23:00 ларда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз” халқаро автомобил йўлининг Шаҳрисабз шаҳар «Қўшхона» МФЙдан ўтган 1171-километрида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Шаҳрисабз шаҳар «Бўстон» МФЙда яшовчи фуқаро Ш.Ш. Nexia машинаси билан Тошкент шаҳри йўналиши томон ҳаракатланиб кетаётганда бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг машина кучли зарб билан йўл четидаги бетон тўсиққа урилган..
Nexia машинасида йўловчи сифатида кетаётган икки нафар фуқаро оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган. Машина ҳайдовчиси ҳамда яна бир йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Самарқандда катта тезликда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир синглиси ва унинг дугонаси ҳаётига зомин бўлганди.