Жаҳон | 09:02 / 20.07.2022
2284
2 дақиқада ўқилади

Беларус нодавлат касаба уюшмалари фаолиятини тақиқлади

Беларус Олий суди Бош прокуратуранинг даъвосини қаноатлантирди. Бошқалар қатори, «Беларус демократик касаба уюшмалари конгресси» касаба уюшмалари бирлашмаси фаолияти тугатилди.

Фото: Depositphotos

Беларус ҳукумати нодавлат касаба уюшмалари фаолиятини тақиқлади. 19 июль, сешанба куни Бош прокуратуранинг Telegram-канали хабарига кўра, бундай қарор бош прокурорнинг даъвосига кўра Олий суд томонидан қабул қилинди.

Ушбу маълумотларга кўра, гап Беларус эркин касаба уюшмаси, Металлчилар эркин касаба уюшмаси, Беларус кончилар, кимёгарлар, нефтни қайта ишловчилар, энергетика ходимлари, транспорт ходимлари, қурувчилар мустақил касаба уюшмаси, Беларус радиоэлектрон саноати ходимлари касаба уюшмаси, шунингдек «Беларус демократик касаба уюшмалари конгресси» касаба уюшмалари бирлашмаси ва бошқаларни тугатиш ҳақида кетмоқда.

Минскдаги маҳкамага кўра, «касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ноқонуний иш ташлашлар, ишламай қолишлар, жамиятда кескинлашувнинг олдини олиш» ўрнига, ушбу ташкилотлар раҳбарияти ва аъзолари «жамоат тартибини бузувчи бузғунчи ҳаракатларда, оммавий тадбирларда фаол иштирок этган» ҳамда экстремистик маълумотларни тарқатган. Шунингдек, Бош прокуратура жиноий иш қўзғатилгани ва «маъмурий чоралар» кўрилгани ҳақида хабар берди. 

2020 йил август ойида Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилинган Беларусдаги президентлик сайловларидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб овоз беришнинг расмий натижаларига, шунингдек, полиция зўравонлигига қарши оммавий норозилик намойишлари бошланди. Норозилик ҳаракатида мустақил касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид