Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Санкциялар ЕОИИга аъзоликни мантиқсиз қилиб қўяди” — Дониёр Ғаниев
“Агар ташкилот ўзи жозибадор бўлса, аъзолик учун бошқа давлатнинг орқасидан қувлаб юрмайди”, дейди депутат Дониёр Ғаниев. Унинг фикрича, Евросиё иқтисодий иттифоқининг органлари мустақил эмас ва кўпроқ Россия манфаатига хизмат қилади, бу эса ташкилотнинг келажагини савол остига қўяди.
Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев Kun.uz'га берган интервюсида Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, Европа санкциялари остида қолган Россия иқтисодиёти ва бунинг Марказий Осиё давлатларига таъсири борасида ҳам фикрларини билдириб ўтди.
Дониёр Ғаниев мавзу борасидаги фикрлари давомида аввало ЕОИИ ва ЖСТ айрим таҳлилчилар айтаётгани каби бир-бирига қарши ташкилот эмаслиги ҳақида гапирди.

“Кўпчиликда шундай тушунча бор, гўёки Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқи бир-бирини инкор қилувчи ташкилот.
Бунда одамлар бир ташкилотга аъзолик иккинчи бир ташкилотга аъзоликнинг йўлини тўсади, деб ўйлашади. Шу нуқтайи назардан, таҳлилчилар орасида ҳам қайси ташкилотга биринчи аъзо бўлиш керак мавзусида дилемма кетаётгандек”, – деди у.
Шу билан бирга депутат сайт мухбирининг Ўзбекистоннинг ЖСТдан аввал ЕОИИга аъзо бўлиши унинг ЖСТга кириш борасидаги ҳаракатларини мантиқсиз қилиб қўймайдими, деган саволини ҳам инкор қилмади.
“Мантиқсиз қилмайди-ю, лекин қийинлаштириб юборади. Қайси маънода?
Ҳозир ЖСТ билан кўп томонлама музокараларимиз кетяпти. Бунда ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистоннинг ташқи савдо, солиқ, божхона маъмурчилиги каби кўплаб жиҳатлари ўрганилади. Айни шу ўрганишлар натижасида фактологик хулосалар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳга техник жиҳатлар, интеллектуал мулк ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича ҳам маълумотлар берилган. Ҳозир бу жараёнлар давом этяпти. Айни пайтда биз 40 га яқин давлат билан музокаралар ўтказяпмиз, шартномалар келишилмоқда.
Шу каби талаб, келишувлар ЕОИИ билан ҳам бўлади. Бу ташкилот ҳам бизга ўз талабларини қўяди. Бу талаблар қайси маҳсулотларга қўшимча тарифлар пайдо бўлиши ёки қайси давлатлар билан алоқаларга чекловлар бўлиши мазмунида.
Агар Ўзбекистон аввал ЕОИИга аъзо бўлиб, кейин ЖСТга киришга ҳаракат қилса, бу жараён қийинроқ бўлади. Чунки ЖСТнинг талаблари ЕОИИда олган баъзи мажбуриятларимизга зид келиб қолиши мумкин. Лекин ҳозир ЕОИИга аъзо давлатларнинг деярли барчаси ЖСТга ҳам аъзолигини кўришимиз мумкин.
Шу нуқтайи назардан биз учун аввал ЖСТга кириб, кейин ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш тўғрироқ бўлади. Чунки ЖСТ билан алоқаларга киришиб оладиган бўлсак, ЕОИИ олдига ҳам ўз талабларимизни қўя оламиз.

Мен бу шартларни ЖСТда келишганман, десак, бизда ЕОИИдаги доирани кенгроқ олиш имконияти пайдо бўлади”, – деди Ғаниев.
Депутат интервю давомида Ўзбекистонга уни ЕОИИга олиб кириш бўйича босимлар борми мазмунидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Тўғри, босим деб айтиш ҳам мумкин ёки эътироф деб ҳам. Масалан, ташкилот ўзига янги аъзо қўшиш учун ёпишаётган бўлиши ҳам мумкин. Буни ҳамма ўзига хос талқин қилади.
Фикримча, ташкилот ўзи яхши, жозибадор бўлса, аъзолик учун бошқа давлатнинг орқасидан қувлаб юрмайди. Унга қўшилмоқчи бўлаётган давлатнинг ўзида аъзоликка қизиқиш бўлади”, – деди у.
Дониёр Ғаниевга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати учун ЕОИИга аъзолик кун тартибидаги масала эмас.
“Ҳукуматнинг икки ташкилот борасида ҳозирги позициясига келадиган бўлсак, Тараққиёт стратегиясида ҳам, давлат раҳбарининг президентликка киришишдаги маърузасида ҳам устуворлик Жаҳон савдо ташкилотига бериляпти, ЕОИИга эмас.
Ҳозир ҳеч қаерда Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш ҳақида гап йўқ. Биз кўп томонлама алоқаларни ривожлантирмоқчимиз.
Истаймизми-йўқми, Россия ва Қозоғистон – энг катта ҳамкорларимиз. Бу давлатлар билан иттифоқдан ташқари ҳам тўғридан тўғри алоқаларимиз, эркин савдо битимларимиз бор.
Биз ҳамма билан тенг мувозанатли, иқтисодий дипломатияга асосланган алоқалар олиб боряпмиз. Ҳамма билан, керак бўлса, Афғонистон билан ҳам яхши бўлиш – сиёсатимиз. Шу нуқтайи назардан ЕОИИда кузатувчи бўлиш бу – сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган ҳолат”, – деди у.
Қонунчилик палатаси депутати ЕОИИга аъзо давлатларнинг ташкилотдан норозилиги ортиб боришига қандай омиллар сабаб бўлаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Ташкилот йирик бўларкан, иш жараёнида албатта қандайдир келишмовчиликлар, эътирозлар ҳам бўлади. Бу – табиий. Биз бу каби ҳолатларни Европа Иттифоқида ҳам кўрамиз. Дейлик, Франция ёки Германиянинг қайсидир таклифига шарқий Европа давлатларида эътироз бўлиши мумкин. Бу ерда асосий масала ўша эътирозларнинг ечими қай тарзда ҳал қилинишида. Чунки бу каби ташкилотнинг муваффақияти ўша ташкилотда туғилган муаммоларни ҳал қила оладиган институтларга эга эканидадир.
Биламиз, ЕОИИда ҳам комиссия, олий консул ва ўз суди бор. Лекин афсуски, бу ташкилотда томонлар ўртасида муаммоларни ҳал қила оладиган ва манфаатларни тенг ушлаб, уни жорий қила оладиган институтлар шаклланмаган. Амалдаги суд ва институт эса кўпроқ Россия манфаатига хизмат қилади, фақат шу давлат манфаатларини илгари суради.
Токи бу институт мустақил қарорларни ижрога келтира олмас экан, ташкилотдаги бу каби келишмовчиликлар давом этаверади. Шунингдек, керакли чоралар кўрилмаса, вақти келиб у умуман бошқа томонга кетадиган иттифоққа айланиб қолади. Бу энг катта муаммо.
Иккинчидан, ўйлашимча, бу иттифоқда кучлар баланси йўқлиги яна бир катта муаммодир. Биз энг муваффақиятли ташкилотлар – Европа Иттифоқи ёки Жанубий Осиё мамлакатлари иттифоқини таҳлил қилганимизда ҳам уларда кучлар нисбати мутаносиб эканини кўрамиз.
Бу тийиб туриш ҳисобига эса кичик мамлакатларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги таъминланади. Афсуски, ЕОИИда бу ҳолатни кўрмаймиз. Россия – ҳар томонлама асосий куч. У деярли 90 фоизли бозорни эгаллаб турибди. Божлардан тушадиган даромадда ҳам шундай.
Мана шундай устунлик бўлиб турган шароитда мустақил институтлар бўлмаслиги ташкилот келажагини катта саволга қўяди. Буни ҳозирги геосиёсий вазиятлар фонида ҳам яна бир бор кўрдик. Умуман, урушдан аввал ҳам Россия ва Беларус, Россия ва Қозоғистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида мана шундай келишмовчиликлар бор эди ва улар бу масалаларни ҳал қилолмаётганди.
Ҳозир уруш шароитида Россияга нисбатан янгидан янги санкциялар қўлланмоқда. Бу санкциялар оқибатида эса, таҳлилчилар фикрича, Россия иқтисодиёти камида 10, бўлмаса 15 фоизгача қисқаради. Бу иттифоққа аъзо давлатларга ҳам жиддий таъсирини кўрсатади. Жумладан, Россия иқтисодиётининг 10 фоиз қисқариши ЕОИИ иқтисодиётининг 8 фоиз қисқаришига олиб келади.
Аъзоликнинг сиёсий жиҳатларини қўя турайлик, иқтисодий жиҳатдан ҳам ташкилотнинг биз учун энг жозибадор жиҳати Россия бозори бўлса, у ҳам бугунги санкциялар орқали токсик заҳарланган ҳудудга айланиб қолди. Бу бозорга аввал қизиққанлар ҳам ҳозир тормозни босади.
Ҳозирги шароитда нафақат Ўзбекистон, балки ташкилотга аъзо бўлишни истаган бошқа давлатлар ҳам орқага бир қадам ташлайди. Бундай паллада кутиш ва вазиятни кузатиш жуда муҳим.
Ўзингиз ўйланг, энг жозибали бозор йилига 10-15 фоиз қисқариб борса, бундай ташкилотга аъзоликдан манфаат нимада қолади?
Бу орқали аъзо давлатларнинг ҳам иқтисодиёти қисқаради. Кимникидир 5, кимникидир 10 фоиз.
Қолаверса, рублнинг агрессив сиёсати. Яъни рублга қарши бошланган чоралар ичида қатор рус банклари ҳам тўлиқ SWIFT тизимларидан узилди. Бунинг натижасида эса Марказий Осиё давлатларининг валютаси рублга нисбатан кескин қадрсизланишда давом этмоқда. Бу эса ўз-ўзидан инфляцияга олиб келяпти.
Тўғри, ҳозир ташкилотга аъзоликнинг берадиган имкониятлари ҳақида ҳам гапириляпти, лекин мен бу мазмундаги фикрларга унчалик қўшилмайман. Чунки биз санкциялар деганда фақат кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини тушуняпмиз. Буни Қозоғистон, Арманистон орқали экспорт қилаверади, деган тушунча бўляпти. Йўқ, бу чекловларнинг энг оғир қисми илм-фанга оид, шунингдек, ҳарбий ва инновацион маҳсулотларга нисбатан қўйилаётган чекловлардир.
Coca-Cola, МсDonald’s – бу санкцияларнинг истеъмолчига кўринган жиҳатлари ва уларнинг иқтисодиётга зарари у қадар катта эмас. Булар – ўрнини тўлдириш мумкин бўлган маҳсулотлар. Россия иқтисодиётига энг катта зарба замонавий технологиялар ва ускуналар экспорти тақиқланишидир.
Агар Япония, Жанубий Корея каби илғор давлатлар ўз чекловларини ушлаб турса, яқин ва ўрта муддатда Россия иқтисодиётининг жуда катта кўрсаткичда қисқаришини кутишимиз мумкин.
Бу каби чекловлар шунингдек, ЕОИИга аъзоликни ҳам мантиқсиз ҳолатга олиб келиб қўяди. Чунки сиз қачон бирор ташкилотга кирасиз, қачонки ўша ташкилотдан сизга манфаат келса. Ҳозирги шароитда ҳар қандай мантиқли одам бу ташкилотга аъзоликни ортга суриб туради. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг кузатувчи позицияси тўғри бўлганини вазиятнинг ўзи яна бир бор кўрсатмоқда.
Менимча, биз шу позицияда давом этишимиз керак. Икки давлатнинг душманлиги бизнинг манфаатларга халақит бермаслиги керак”, – деди депутат Дониёр Ғаниев.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:33 / 29.05.2026
Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди
16:48 / 29.05.2026
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг 5 устувор йўналишини санади
09:13 / 28.01.2026
Қирғизистон Россия устидан ЕОИИ судига даъво аризаси киритди
18:31 / 27.06.2025