Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Нималар ўзгаради?
Ижтимоий ҳимоя стратегияси тўрт йўналишни қамраб олган: ижтимоий хизматлар, ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва бандликка кўмаклашиш. Молия вазирлиги бу билан барча аёллар ва эҳтиёжманд оилаларга қандай ёрдам бериш мумкинлигини тушунтириб берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлади.
Унда фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлаш тизимини яратиш назарда тутилган, стратегия тўрт йўналишни қамраб олади. Молия вазирлиги янги тизим билан нималар ўзгаришини тушунтирди.
Ижтимоий хизматлар – оилаларнинг индивидуал ҳолатларига қараб хизматлар ва ёрдам кўрсатилади
Бу йўналишда амалга ошириладиган чора бу ижтимоий хизматларни маҳалла даражасига туширишдир. Яъни яқиндагина фаолияти жорий этилган маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари зиммасига ижтимоий ҳимоя дастурларига эҳтиёжманд оилаларни йўналтириш юклатилади.
2022-2023-йиллар давомида ушбу хотин-қизлар фаоллари эҳтиёжманд оилалар билан ишлашга ўргатилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилади. Бунда, хотин-қизлар фаоли маҳаллаларда эҳтиёжманд деб ҳисобланган оилаларга ташриф буюриб уларнинг муаммоларини ўрганади. Ҳар бир фаолнинг қўлида махсус планшет бўлади ва улар оилада ўтказилган суҳбат ва кузатувларга асосан тегишли маълумотларни планшетга киритади.
Мисол учун, чекка бир қишлоқда бир оила яшайди. Бу оиладаги она ишламайди, негаки унинг касалманд боласи бор. Аммо улар ушбу болага давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар мавжуд эканидан бехабар. Шунда, хотин-қизлар фаоли бу оилага ташриф буюрганда уларнинг муаммоларини тинглаб боради ва яшаш шароитини ўрганади. Бунда, у боланинг касаллигини билгач, тегишлича ногиронликни баҳолашга йўналтиради. Боланинг ногиронлиги баҳолангач, хотин-қизлар фаоли давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва ёрдамни олишга ариза беришга кўмаклашади. Яъни бола тегишли техник реабилитация мосламаси билан таъминланади, унга ҳар ой тўланадиган ногиронлик нафақаси тайинланади, онасига эса боланинг касаллигидан келиб чиқиб ногирон болани парвариш қилиш нафақаси тайинланади. Бундан ташқари, бола мактаб ёшида бўлса, хотин-қизлар фаоли уни мактабга жойлаштиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, бу оиланинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ таъминланади.
Шу тарзда, ҳар бир оилаларнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, тегишлича давлат ижтимоий ёрдам ва хизматлари кўрсатиб борилади.
Ижтимоий суғурта тизими – аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш тартиби ўзгаради
Ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш соҳасида, шу йилнинг август ойида Ижтимоий суғурта жамғармаси шакллантирилиши кўзда тутилган. Ушбу жамғармага маблағлар давлат бюджетидан ажратилади. Кейинчалик эса Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан жамғарманинг қўшимча манбалари аниқланади. Бу тизимнинг афзалликлари нимада?
Дастлабки босқичда, яъни сентябрдан бошлаб барча юридик шахсларда меҳнат шартномаси асосида ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат тизимига киритилган тарзда расмий ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми давлат томонидан тўлаб берилади. Нафақанинг бу қисми ҳозирги вақтда минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб тўрт ойга 2 млн сўм миқдорида белгиланмоқда. Иш берувчи эса фақат нафақанинг Меҳнат кодексига мувофиқ қолган қисмини тўлаб беради. Бу ўз навбатида, иш берувчиларни ижтимоий тўловларнинг бир қисмидан озод этиб, аёлларни ишга олишга рағбатлантиради.
Норасмий секторда, яъни меҳнат шартномаси тузмасдан, меҳнат дафтарчаси юритмасдан ишлаётган аёлларни эса меҳнат фаолиятини расмийлаштиришга рағбатлантиради. Негаки, аёл норасмий тарзда ишласа иш берувчи ҳам давлат ҳам унга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бера олмайди. Босқичма-босқич ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари иш берувчи зиммасидан олинади.
Кейинги босқичда, ижтимоий суғурта жамғармасининг имкониятларидан келиб чиқиб, касаллик варақалари (болничний) асосида нафақа тўлаб бериш, иш берувчи тугатилган ҳолларда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаб бериш давлат томонидан ижтимоий суғурта орқали амалга оширилади.
Ижтимоий ёрдам – болалар нафақасини тўлаш тартиби ўзгаради
Кам таъминланган оилаларга тўлаб келинаётган болалар нафақасини ижтимоий шартнома тузиш орқали тўлаш тизими йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Мисол учун, бошланғич босқичда ижтимоий мажбурият сифатида оиладаги болаларнинг мактабга доимий тарзда қатнаши белгиланади.
Нега бундай шарт оилага қўйилмоқда? Чунки, болаларнинг таълими унинг келажагини аниқлайди. Таълим олган болалар келажакда ишга жойлашишда қийналмайди ва бу унинг келажакдаги оиласи камбағаллик ҳолатига тушиб қолмаслигини англатади.
Яна бир ижтимоий мажбурият сифатида оиладаги болаларнинг барчаси тегишлича ҳар хил турдаги касалликларнинг олдини олишга қаратилган вакциналарни олишидир.
Бандликка кўмаклашиш – касб-ҳунарга ўқитиш кенгайтирилади, бандлик субсидиялари ижтимоий шартнома орқали тўланади
Бу йўналишда асосий мақсад аҳолини доимий даромад манбайи билан таъминлашга қаратилади. Ҳозирги кунда меҳнат органларига мурожаат қилган айрим шахслар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади. Аммо бу чоранинг камчилиги шундаки, у вақтинчалик чора ва аниқ муддат ўтганидан сўнг жамоат ишларида қатнашаётган шахс яна ишсиз бўлиб қолаверади.
Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун касб-ҳунарга ўқитиш ишлари кенгайтирилади. Яъни ишсиз шахс маълум бир касб эгаси бўлса, у ишга жойлашиши осонлаштирилади. Ишга жойлашганидан сўнг бу одамнинг муҳтожлиги бартараф этилади ва бундай ёндашув вақтинча эмас балки узоқ муддатга қаратилгандир.
Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолига тайинлаб келинаётган тадбиркорлик ва бандлик субсидиялари эса ижтимоий шартнома орқали тайинланади. Мисол учун, ишсиз шахсга субсидия маълум бир меҳнат қуролларини сотиб олиб, уй шароитида устахонасини юритишга ажратилиши мумкин. Аммо бу шахс, меҳнат қуролларини сотиб олиб, устахонасини юритиш фикридан қайтиб қолиши ёки узоқни ўйламасдан тез ва осон йўли билан бирйўла йирикроқ даромад олиш учун бу қуролларни сотиб юбориши мумкин.
Шунда бу шахс яна ишсиз ва даромадсиз қолади. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида субсидия ажратилганида ижтимоий шартномада шахс зиммасига ижтимоий масъулият юкланади. Яъни меҳнат қуролларини олганидан сўнг у устахонасини юритиши зарур. Ҳоким ёрдамчиси эса олти ой давомида субсидия берилган шахснинг устахонасига бориб, шартнома шартларига амал қилинаётганини мониторинг қилиб боради.
Шундай қилиб, шахс яна бир бор ишсизлик ҳолатига тушиб қолишининг олди олинади. Агар айрим муаммоларга кўра устахонанинг иши юришмай қолса, ҳоким ёрдамчилари бу шахсга маслаҳат ҳам бериши имконияти яратилади.
Мавзуга оид
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
18:46 / 17.04.2026
Вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчининг қонуний вакили институти жорий этилади
18:30 / 17.04.2026
Руҳий ҳолатида бузилиш бўлган ногиронларга ижтимоий хизмат тизими такомиллаштирилади
21:24 / 17.02.2026